Жамият | 14:19 / 23.10.2021
109829
5 дақиқада ўқилади

Бурун битишини енгиллаштирувчи 8та чора

Тумов (бурун битиши ва оқиши)нинг сабаблари кўп: ЎРВИ ва бошқа инфекциялардан тортиб, мавсумий аллергия, гормонал ўзгариш ёки ҳароратнинг кескин ўзгаришигача бўлган ҳолатлар. Аммо сабабларига қарамай, бу муаммодан халос бўлишнинг оддий усуллари бор.

Фото: Getty Images

1. Иссиқ чой ичинг

Ёки бошқа исталган ичимлик. Муҳими у иссиқ бўлсин, бироқ куйдирадиган даражада эмас. Иссиқлик ва буғ бурун-ҳалқумда қон айланишини кучайтиради. Натижада нафас олиш енгиллашади.

2. Иложи борича кўпроқ суюқлик ичинг

Юқоридаги банддан келиб чиқиб, иссиқ ёки илиқ ичимлик ичиш керак. Имкон бўлмаган тақдирда эса хона ҳароратидаги сувни ҳам ичиш мумкин.

Агар организмга сув етишмаса, бурун ҳам соғлом ҳолатда бўлмайди. Бурундаги суюқлик қуриб қолади ва қуюқлашади. Бу ҳам бурун битишига олиб келади. Бурундаги суюқлик қотиб қолганида вирус ва бактериялар учун қулай муҳит юзага келади. Яъни касаллик узоқ давом этиши ёки шамоллашга қараганда ёқимсизроқ кўриниш тус олиши мумкин. Масалан, гайморит.

Суюқлик ичсангиз, бурундаги шилимшиқ суюқлик кўпроқ оқиб, бурун-ҳалқумдаги вируслар ва умуман бурун битиши ҳамда шамоллашдан тезда халос бўласиз.

3. Ингаляция қилинг

Иссиқ буғдан нафас олиш шамоллаш, жумладан, бурун битишини ҳам камайтиради ва тузалишни тезлаштиради.

Healthline тиббий ресурси ингаляцияни қуйидаги тартибда амалга оширишни тавсия қилади:

  • Кастрюлкада тоза сувни иситинг. Уни қайнашгача олиб бориш шарт эмас, суюқлик устида буғ пайдо бўлишининг ўзи етарли.
  • Сув тўлдирилган кастрюлкани стол ёки бошқа қулай горизонтал юза устига қўйинг ва 20-30 дақиқа давомида юзингизни буғга тутиб туринг. Агар буғ қайноқ бўлса, ундан узоқроқ бўлинг ёки бироз илишини кутинг.
  • Бурун орқали чуқур нафас олинг. Нафасни бурун орқали чиқаринг. Бурундаги шиллиқ суюқликдан халос бўлиш учун кучли нафас чиқаринг.

Ингаляцияли сувга бир неча томчи эфир мойларидан ҳам қўшиш мумкин. Эвкалипт, ялпиз, чой дарахти, қарағай – таъбга кўра шулардан бирини танланг.

4. Иссиққина душ қабул қилинг

Ўзингизни тезда енгил ҳис қилишни истасангиз, мана шу усул мос келади. Ингаляция ёки иссиқ чой каби душ ҳам бурун оқишини самарали тўхтатади ва бурун битишини бартараф этади.

5. Бурун учун иссиқ компресс қилинг

Иссиқ, бироқ куйдирмайдиган ҳароратдаги сувда бўктирилган салфеткани бурунга 2-3 дақиқага кунига 3-4 марта қўйинг.

6. Бурунни тузли эритма билан чайинг

Тайёр тузли аэрозолни дорихонадан сотиб олиш ёки мустақил равишда тайёрлаш мумкин. Рецепти осон: ярим чой қошиқ туз ва бир чимдим содани бир стакан (240 мл) илиқ сувга солинг. Ёқимсиз белгилар бутунлай йўқолгунига қадар кунига 3-4 марта мана шу эритма билан бурунни чайинг.

7. Томирни торайтирувчи бурун спрей ва томчиларидан фойдаланинг

Улар шишишни бартараф этиб, бурунда суюқлик ҳосил бўлишини секинлаштиради. Натижани дарҳол ҳис этиш мумкин: нафас олиш эркинлашади. Бироқ бу эффект вақтинчалик: одатда бир неча соат давом этади холос.

Шуни ёдда тутингки, бундай воситаларни 3 кундан ортиқ ишлатиб бўлмайди. Акс ҳолда ёқимсиз таъсирлар кузатилиши мумкин: муайян воситага ўрганиб қолишдан тортиб (кейин томирлар унга реакция қилмай қўяди), бурун шиллиқ қаватининг юпқалашиши, медикаментоз ринит ва бошқа ёмон ҳолатлар ривожланишигача.

8. Шифокорга боринг!

Бурун битиши – алоҳида касаллик эмас, у бор-йўғи бир белги. Ундан батамом халос бўлиш учун эса касалликни енгиш керак бўлади. Буни профессионал шифокор – терапевт ёки тор доирадаги мутахассис (лор, аллерголог) назорати остида амалга ошириш самарали бўлади.

Муҳим эслатма: бурун битишининг шундай турлари борки, улар шифокорга зудлик билан мурожаат этишни талаб қилади. Агар қуйидаги ҳолатлар кузатилса, шифокор кўригига боринг ёки телефон орқали у билан маслаҳатлашинг:

  • Сиздаги бурун битиш ҳолати пешона, бурун ёки юз, кўзнинг шишиши билан кечса ёки кўриш қобилияти ёмонлашиши билан боғлиқ бўлса;
  • Бурун битишидан ташқари, томоғингиз кучли оғриётган бўлса ёки бодомсимон без ёки бурун-ҳалқумнинг бошқа қисмларида оқ ёки сариқ доғларни кўрсангиз;
  • Бурундан оқаётган суюқликдан ёқимсиз ҳид келса;
  • Бурун битиши 10 кундан ортиқ давом этаётган йўтал фонида пайдо бўлса, бурундан оқаётган суюқлик сарғиш яшил ёки кулрангда бўлса;
  • Бурун битиши бош жароҳатланишидан кейин юзага келса;
  • Бурун битиши тана ҳароратининг ошиши билан кечса.

Мана шу белгилар сизда ринитдан кўра жиддийроқ касаллик бўлиши мумкинлигидан дарак беради. Гап ангина, гайморит, жиддий гормонал бузилишлар, бош мия жароҳатланиши, бактериал зарарланишлар, жумладан, менингит ва в ҳ.клар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Лайфхакер сайтидан таржима қилинди.

Мавзуга оид