Бобожонов қамоқхоналардаги сайловлар бўйича маълумот берди
24 октябрь куни президент сайлови учун овоз бериш жараёни давом этмоқда. Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида кун давомида сайлов жараёнлари билан боғлиқ масалаларда брифинглар ўтказилди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокидаги брифингда сайловчилар рўйхатига аниқлик киритишда олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, ҳудудларда ўтказилган сайлов тадбирларида вафот этган, маълумотлар базасига киритилмаган фуқаролар аниқланган ва сайловчилар рўйхати шакллантирилган. Кўчмас мулк объектларининг кадастр маълумотлари ва ички ишлар вазирлиги маълумотлар базаси орқали текшириб чиқилган.
Вазир бу йилги президент сайловида катта янгилик бўлган - қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган, қамоққа олинган, унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганлик учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлгани ҳақида гапирди.
«Бугун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 8677 нафар маҳкумлар сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб овоз беришяпти. Уларнинг 533 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1305 нафари унча оғир бўлмаган жиноят содир этган маҳкумлар бўлса, 6819 нафари тергов ҳибсхоналарида сақланаётган – суд-тергов жараёни кетаётгани сабаб қамоққа олинган фуқаролардир. Соат 11:00 ҳолатига кўра, қамоқда сақлаш жойларида рўйхатга олинган шахсларнинг 6507 нафари ёки 75 фоизи овоз бериб бўлишган», деди Бобожонов.
- Ижтимоий хавфи катта бўлмаган мавҳумлар – қасддан жиноят содир этиб, 3 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган ёки эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир қилиб 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлардир.
- Унча оғир бўлмаган жиноят содир этган маҳкумлар – қасддан жиноят содир этиб, 3 йилдан ортиқ ёки эҳтиётсизлик оқибатида 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумлардир.
Маҳкумлар овоз бериши учун тергов ҳибсхоналарида – 12 та, жазони ижро этиш колонияларида – 4 та ва манзил-колонияларида – 2 та, жами 18 та сайлов участкалари ташкил этилди. 7454 нафар маҳкум жазони ижро этиш тизимининг ўзида ташкил этилган сайлов участкаларида, 1223 нафари эса ҳудудий сайлов участкаларига транспорт воситалари орқали ички ишлар ходимлари қўриқлови остида олиб борилади.
Мавзуга оид
19:31 / 06.12.2024
Руминия Конституциявий суди президентлик сайловларининг биринчи тури натижаларини бекор қилди
17:23 / 26.11.2024
Гуржистон парламенти президентлик сайлови санасини белгилади
12:46 / 08.11.2024
Икки марта аёлларни ютган Трамп: АҚШнинг янги-эски президенти ҳақида қизиқарли маълумотлар
09:22 / 06.11.2024