Ўзбекистон | 12:03 / 05.11.2021
25256
3 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Содиқов ва Олимжон Умаров лавозимидан озод қилингани расман тасдиқланди

Ижтимоий тармоқлар блокланиши билан боғлиқ можаро ортидан Ўзбекистонда ахборот коммуникация соҳасидаги масъулларга чора кўрилгани расман тасдиқланди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти фармонига асосан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан бош вазир маслаҳатчиси − ИТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров лавозимидан озод қилинди.

Ушбу икки истеъфо ҳам Ўзбекистонда Телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан рўй берди.

Аввалроқ президент администрациясига алоқадор «Нигоҳ» каналида ҳам ушбу мулозимлар истеъфоси ҳақида хабар қилинганди.

Шуҳрат Содиқов (1969 йилда туғилган) 2006−2008 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси бош директори ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган, 2008−2010 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси бош директори бўлган, 2010 йилдан Вазирлар Маҳкамасида Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган. 

2017−2018 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори бўлган. У 2018 йил августидан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаб келаётганди.

Олимжон Умаров 1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Олий маълумотли. 2007 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини, 2017 йилда Сонгюнгван университетини (Жанубий Корея) тамомлаган. У 2017−2020 йилларда АКТ вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил майида Ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси − IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига қўшилган ижтимоий тармоқлар (Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») фаолияти чеклаб қўйилиши катта шов-шувларни келтириб чиқарди.

Шундан сўнг, президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Ўзкомназорат»нинг бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракатидан давлат раҳбари хабар топганини маълум қилди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган бу қарор хато деб топилди, президент вазиятга аралашгач, ҳолат юзасидан тезкор чоралар кўрилиб, «Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев ишдан олинди ва ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланди.

Мавзуга оид