Ўзбекистон | 15:59 / 18.11.2021
72004
2 дақиқада ўқилади

Акмалхўжа Мавлонов божхона қўмитасининг янги раиси бўлади

Давлат божхона қўмитасида Муроджон Азимов ўрнида янги раис иш бошлайди.

Бош прокурор ўринбосари, Адлия катта маслаҳатчиси Акмалхўжа Юсупович Мавлонов Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Акмалхўжа Мавлонов 1975 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йилда Давлатобод туман прокуратурасида бошлаб, Наманган вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори лавозимларида ишлаган.

2017 йил мартигача Фарғона вилояти Марғилон шаҳар прокурори, 2017 йилда Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, 2017-2018 йилларда Хоразм вилояти прокурори лавозимларида фаолият юритган.

2018 йил февраль ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўша йили август ойида бош прокурор ўринбосари этиб тайинланган.

Акмалхўжа Мавлонов 2019 йил июнидан 2020 йил кузигача Наманган вилояти прокурори бўлган. 2020 йил октябрида бош прокурор ўринбосари лавозимига қайтганди.

  • Давлат божхона қўмитасига 2018 йил февралидан буён раҳбарлик қилиб келган Муроджон Азимов (у ҳам собиқ прокурор) бугун Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тайинланди.

Мавзуга оид