Ўзбекистон | 17:31 / 18.11.2021
38355
2 дақиқада ўқилади

Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимига ўтказилди

Тошкент вилояти собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинланди. У вилоят ҳокими лавозимида бир йил ҳам турмади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан Даврон Абдулфаттоҳович Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди, Зоир Тоирович Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

Зойир Мирзаев вилоятнинг сўнгги беш йилдаги олтинчи раҳбари бўлмоқда.

Президент матбуот котиби хабар беришича, Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимига туширилган.

Чирчиқ шаҳрига 2020 йил февралидан буён Санжар Юсупов ҳокимлик қилиб келаётганди.

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996−2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004−2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида, 2005−2009 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

2014−2017 йилларда Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси раиси, 2017−2018 йилларда Чилонзор тумани ҳокими, 2018−2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Даврон Ҳидоятов 2021 йил январ ойи охиридан буён Тошкент вилояти ҳокими лавозимида ишлаётган эди.

  • У сўнгги ойларда матбуотда кўп кўриниш бераётганди. Хусусан, унинг ташаббуси билан вилоят маркази Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова шарафига ҳайкал ва истироҳат боғи қуриш учун 28 миллиард сўм маблағ ажратилгани танқидларга сабаб бўлганди. Кейинроқ Тошкент вилоятида ҳоким фармони билан солиқ тўловчиларнинг жами 1,5 млрд сўми учта газета обунаси учун ажратилгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид