Жамият | 16:44 / 21.11.2021
9594
5 дақиқада ўқилади

Карьерани ўзгартириш йўлида муҳим бўлган 6 жиҳат

Қизиқувчан бўлиш, шахсий ишни очиш, устоз топиш ва бошқа ғоялар ижобий ўзгаришлар бошланишига сабаб бўлади.

Фото: hh.ru

Кўпчилик ҳаёти давомида бир марта бўлса-да иш жойини ўзгартириш ҳақида ўйлаган, бироқ ҳамма ҳам буни охирига етказа олмаган. Ўхшамаса-чи, яхши иш жойимдан айрилсам-чи, бундан яхшироқ иш жойи тополмасамчи, пулсиз қолсам-чи – шу ва бошқа қўрқувлар олдинга ҳаракатланиш ҳамда кўпроқ нарсага эришишда халақит қилади.

Ана шу каби хавотирларга қарамай, севимли бўлмаган ишни янгисига алмаштириш керак. Бироқ аввалги хатоларни такрорламаслик учун бир неча омилни ёдда тутиш лозим.

1. Иш сизга завқ бериши керак

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, иш мақсадга эришиш ҳиссини бергандагина биз ҳақиқатан ҳам орзу сари ҳаракатланамиз. Эҳтимол, шунинг учун ҳам кўпинча одамлар иш жойида бошқа нарсаларга чалғийди, раҳбарият топшириғини истамайгина бажаради. Иш фаолиятини маош ва лавозимдан келиб чиқиб танлашга одатланганмиз. Аслида эса бари оддий – иш чексиз қизиқиш ва рағбат ҳиссини бера олиши керак. Ана шунда ҳақиқий муваффақиятли кишиларга айланамиз.

2. Шахсий ишни очиш учун ҳеч қачон кеч эмас

Америкалик олимларнинг аниқлашича, ўз-ўзига ишлаган ёки тадбиркор бўлган одамда ишдан қониқиш ва муваффақият ҳисси ёш улғайган сари ортиб боради. Кейинги ишингиз қандай бўлишини исташингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Шахсий ишингизни очишни истасангиз, эҳтимол айнан ҳозир буни амалга ошириш учун энг қулай пайтдир.

3. Мослашувчан ва қизиқувчанликни сақлаб қолиш муҳим

Муваффақият ва ақл бовар қилмас карьера кўпинча мослашишга боғлиқ бўлади. Қизиқувчанликни сақлаш, ўзига ишониш, тобора яхши бўлиб бориш, вазиятни назорат қила олиш ҳам муҳим жиҳатлардан. Айтганча, кўпинча айнан шу сифатларга эга кишилар карьерани ўзгартириш ҳақида ўйлашади. Агар сизга ҳам шу фикрлар келаётган бўлса, эҳтимол, сиз ҳам улардан биридирсиз.

Қизиқувчанлик айниқса муҳим. Айнан у мослашувчан бўлишда ёрдам беради. Шунинг учун ўзимиздаги мана шу хислатни асрашимиз керак. У идеал ишни излаб топишда қўл келади. Агар бошқа карьера имкониятлари сиз учун қизиқ бўлмаса, барини борича қолдирган маъқулдир.

4. Муваффақият йўлида қўллаб-қувватланиш муҳим

Фойдали танишувлар фойдали кўникмаларга қараганда кўпинча муҳимроқ. Шунинг учун устоз топиш ёрдам беради. Идеал кўринишда у сиз учун қизиқ бўлган янги соҳада катта тажрибага эга инсон бўлиши керак.

Бунинг учун нафақат одамларни билиш, балки сиз уларнинг вақт ва маслаҳатларига арзишингизга ишонтира олиш ҳам керак. Бу каби суҳбатлар ва танишувларнинг аҳамияти катта. Улар сиз танлаган карьерада нафақат кўпроқ маълумот билишда ёрдам беради, балки рағбат ва иштиёқ ҳам уйғотади.

5. Қулай зонадан чиқишга қўрқмаслик керак

Иш жойини ўзгартириш борасида ташвишланаётган бўлсангиз, ўзингизга оддий савол билан мурожаат қилинг. Нима ҳақида кўпроқ ачинасиз: эски иш жойида қолганингизгами ёки у ердан кетганингизгами? Кўпчилик ҳар куни бирор нимани ўзгартириш орзусида бўлса-да, битта иш жойида йиллаб ишлашда давом этади. Касбни ўзгартириш фикри ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Демак, карьера сиз истагандек кетмаяпти.

Кўпинча танишлар ва яқинларга ишда тишни тишга қўйиб чидаш, сабр қилиш ҳақида маслаҳат берамиз. Аслида ёқимли ва истиқболи кўпроқ машғулотни топиш муаммонинг ечими бўлиши мумкин.

6. Инновациялар янги стартсиз имконсиз

Ўтмишдан воз кечиш, жасур ғоялар, ўзгариш ва шахсиятни қайтадан шакллантириш қобилияти эски стратегия ва усулларга қараганда кўпроқ ёрдам беради. Бу ўринда «барчаси ёки ҳеч нарса» тамойили амал қилади.

Карьерани ўзгартириш бу – янги старт, ноаниқликка шўнғиш ва кескин бурилиш қилиш имконияти. Ўзингизга жасур бўлиш ва тажриба қилиб кўриш учун рухсат беринг. Ҳеч ким бундай қилмаган бўлса, нима қилибди? Бу борада биринчи бўлинг.

Карьерани ўзгартириш сиз учун фойдали бўлиш бўлмаслигини ҳеч ким, ҳатто ўзингиз ҳам олдиндан айта олмайсиз. Жавобни билишнинг ягона усули – синаб кўриш. Ноаниқ даврга тайёр бўлинг. У балки бир неча кун, бир неча ой давом этар. Бироқ эртами, кечми тугайди. Сиз эса сизни бахтиёр одамга айлантирадиган ишни топишга муваффақ бўласиз.

Лайфхакер сайтидан олинди.

Мавзуга оид