Ўзбекистон | 07:51 / 26.11.2021
13202
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда уч мингдан ортиқ қарздор қидирувда экани маълум бўлди

Мажбурий ижро бюроси 3 минг нафардан кўпроқ қарздорни қидирмоқда. Уларнинг мингдан ортиғи чет элга чиқиб кетган. Бу ҳақда МИБ маълумотида айтилган.

Фото: Kun.uz

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга биноан МИБ давлат ижрочилари томонидан қарздор ва унинг мол-мулки турган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаганда, уларни қидириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Жорий йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан 4500 нафардан ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Билдирилишича, ҳозирда 3264 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда. Бу шахсларнинг 2149 нафари республика ҳудудида яшириниб юргани, 1115 нафари эса чет элга турли мақсадларда чиқиб кетгани аниқланган.

Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30,7 млрд сўм, шу жумладан 22,8 млрд сўм алимент пуллари ундирилиб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминот олишлари таъминланган.

Мавзуга оид