Ўзбекистон | 15:33 / 18.12.2021
13805
2 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева Сеулдаги Миллий реабилитация марказига ташриф буюрди

«Замин» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ва Корея Республикасининг биринчи хоними Ким Чен Сук Сеулдаги Миллий реабилитация марказига ташриф буюрди.

Фото: Замин фонди

«Замин» фонди хабарига кўра, марказ ногиронлиги бўлган шахслар саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг жамиятга қўшилишига реабилитация, тадқиқот ва таълим йўли билан ёрдам беради.

Қайд этилишича, меҳмонлар марказнинг илғор тажрибаси билан танишди. Инновацион технологиялар, лаборатория фаолияти, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун замонавий ёрдамчи воситаларни ишлаб чиқариш жараёни намойиш этилди.

Фото: Замин фонди
Фото: Замин фонди

«Бу борадаги халқаро тажриба биз учун жуда фойдалидир. Бундай ҳамкорлик келажакда жамиятда инклюзияга эришиш йўлидаги режаларимизда муҳим аҳамиятга эга», дейилади фонд хабарида.

Маълумот учун, «Замин» халқаро жамоат фондининг мақсади – мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшиш.

«Замин» фондининг фаолияти узоқ муддатли, стратегик аҳамиятга эга ва барқарор лойиҳалардан иборат 4 йўналишга асосланган: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик; ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш; ижтимоий ривожланишга инновацион ишланмаларни татбиқ қилиш ва ижтимоий соҳадаги лойиҳаларни молиялаштириш; эшитиш қобилияти заиф болаларнинг яшаш шароити ва таълим шароитларини яхшилаш.

Фото: Замин фонди
Фото: Замин фонди

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига етиб борди. Ташрифнинг асосий тадбирлари - икки томонлама учрашув ва музокаралар 17 декабрь, жума куни бўлиб ўтди.

Фото: Замин фонди
Фото: Замин фонди

Ташриф кун тартибидан Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ва кўп қиррали ҳамкорлигини, энг аввало, "яшил" иқтисодиёт, инвестиция ва инновациялар, рақамли технологиялар, ижтимоий соҳа каби устувор йўналишларда янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Мавзуга оид