Жамият | 15:57 / 20.12.2021
46369
9 дақиқада ўқилади

Оталар. Уч ҳаётий ҳикоя

Фожиадан умидгача. Бугунги кун одамлари орасидаги турфа тақдирлар ҳақида.

Иш юзасидан одамлар орасида кўп бўламиз. Қуйида ўзим гувоҳи бўлганим, фарзандларини илмли-ҳунарли қилиш учун ўзини ўтга-чўғга ураётган оталар тақдири ҳақидаги уч ҳикоя.

Икки ойлик сафар

Фарғона халқаро аэропортида мен кутаётган рейс Новосибирск шаҳридан соат 15:00да келиб қўниши керак эди.

Аэропортга кираверишда тумонат одам тўпланган. Кимдир кузатгани чиққан, яна кимдир яқини чиқишини кутяпти.

Соат 15:00дан ўтди. Рейсдан дарак йўқ. Номаълум сабабларга кўра, кутилаётган рейс соат 16:00да келишини айтишди.

Маҳаллий аэропортларда йўловчиларни кузатувчилар ва кутиб олувчилар учун алоҳида кутиш биноси йўқ. Фарғона аэропорти ҳам бундан мустасно эмас. Ташқарида эса этни жунжиктирадиган совуқ. Кечиккан рейс сабаб яқинини кутиб олгани чиққанлар аллақачон совқота бошлаган эди. Бундай пайтда термосда иссиқ қаҳва тайёрлаб сотувчиларнинг бозори чаққон...

Чиқиш йўлаги яқинида тўрт киши давра қуриб суҳбатлашиб турарди. Улардан бири ички ишлар ходими билан салом-алик қилганимга эътибор қаратиб, ундан рейс кечикиши сабаби тўғрисида маълумот олган-олмаганимни сўраб қолди. Савол баҳона уларнинг даврасига беихтиёр қўшилдим.

«Шу совуқда яқинингизни кутиб олгани чиқибсизлар-да?» дея сўрадим орадаги жимликка барҳам бериш учун. Улардан бири, ёшроғи «Ҳа-а, поччамизни кутиб олишга чиқдик», дея оғир хўрсинди.

— Поччангиз Россияга кетганига анча бўлганмиди?

– Икки ой... икки ойча бўлганди.

«Эҳ, ука, нималарни айтасиз. Бошимизда шу кўргулик ҳам бор экан-да. Нима бўлганда ҳам Яратганнинг айтгани бўлди. Қўлимиздан нима ҳам келарди?» — дея бошидаги телпагини қўли билан тўғрилагандек бўлиб, аэропорт ичкарисига назар ташлаб қўйди ёши олтмишларга яқинлашган амаки.

Савол нигоҳи билан тикилиб турганимни кўриб, ёш йигит воқеани сўзлаб берди:

«Поччам икки ой аввал Россиянинг Кемерово областига ишлагани кетган эди. Аввал у ҳеч қаерга чиқмаган. Қишлоғимиздаги ёнилғи қуйиш шохобчасида ишлаб, бир яхши кун кечираётган эди.

Икки ўғли олийгоҳга контрактга ўқишга кирди. Поччам севинганидан «ўзим ўқимаганимга яраша, фарзандларимни ўқитай», деб яхши ният қилганди. Бу ёғи рўзғор дегандек. Пул етказа олмай ноиложликдан Россияга кетганди.

Камеровода қурилишда ишлаётган экан. У ернинг ҳавоси жуда совуқ бўлгани учун шамоллаб, ётиб қолибди. Муолажаларга қарамай ўша шифохонада жонини топширибди... Ҳали уйига бир сўм ҳам жўнатгани йўқ эди.

Бечоранинг жасади келиши ҳам қийин бўлди. Яхшилар бор экан. Россияда ишловчи ўзбеклар пул жамғариб, келишига ёрдам қилишди. Барака топишсин! Уйдагилар ҳам қараб туришмади. Мана энди бу рейсда учиб келяпти... Ўзиям барваста, бақувват эркак эди. Ажал келса шу экан-да...»

Бу кишининг сўзларини эшита туриб, аэропортга нима учун келганим ёдимдан чиқди. Самолёт ҳам келиб қўнди. Ичкаридан йўловчилар бирин-кетин чиқиб кела бошлашди. Совуқда қунишиб, яқинларини кутиб ўтирган одамлар бирин-кетин кўздан ғойиб бўлишди.

Мен ҳам ўз ишимни (съёмкани) бошладим. Негадир панжара ортидаги одамлар орасидан яқинининг жонсиз танасини кутиб турган кишиларни ахтарар эдим...

Қора пальтоли йўловчи

Якшанба. Қишлоққа бориб, бувимнинг дуосини олиб келишни дилимга тугдим. Заправкага бориб, машинага газ қуйдирдим. Хайрият, навбат йўқ экан. Сўнг машинамни Риштон томон ҳайдадим.

Фарғона шаҳридан Риштон туманига енгил машинада ўртача ҳисобда 45 дақиқа юрилади. Ташқари жуда совуқ эди.

Олтиариқ ҳудудидан ўтаётганимда узоқдан қора кийимда, қора «маска» таққан одам машинани тўхтатгандек бўлиб, илкис қўл кўтарди. Тўхтадим.

— Риштон томонга кетяпсизми?

— Ҳа, ўша томонга. Сиз ҳамми?

— Ҳа. Майлими сиз билан кетиб олсам?

— Ўтиринг, ака...

Йўлда туриб қолган нотаниш йўловчи шошганича машинага ўтирди. Унинг қўлида кирлигидан қорайиб кетган бозор халтаси бор эди. Йўловчининг ҳолатини кўриб, машина печкаси иссиғини янада баландлатдим.

Манзилга етгунча у билан гаплашиб кетдик.

50 ёшлар чамасидаги йўловчи асли Боғдод туманидан бўлиб, ҳар куни 25 км йўл босиб, Олтиариқ туманидаги мардикор бозорига келар экан. У қиш кунида иш камайиб кетгани, бир кунда 70–80 минг сўм пул топаётгани ҳақида айтди.

Соатга қарадим — 15:34.

— Бугун ишни эртароқ тугатибсизми?

— Ҳа, ука. Йўл бўйидаги коттежлардан бирида ҳовли томорқасига гўнг ташидим. Ҳаво совуқлигидан ишни тез тугатай, деб илдамроқ ҳаракат қилдим.

— Фарзандларингиз борми?

— Бир ўғил бир қизим бор. Баҳоргача мардикорлик қилиб турай. Баҳордан ўғлим ишлайдиган мебел цехига ишга кириб оламан. Ўғлимни мебелчига шогирдга берганман. Қўлидан анча иш келиб қолди.

Йўловчи ўғли ҳунар ўрганганини тўлқинланиб ҳикоя қилар, ич-ичидан хурсандлиги билиниб турарди.

— Бир кунда 70 минг ишлаб топар экансиз. Уйингиз эса бошқа туманда. Олтиариққа ҳар куни келиб кетишингизга йўл кира кетади-ку?

— Энди, ука, ўрганиб қолганмиз-да. Олтиариқда қишда ҳам иш кўп бўлади-да...

Риштон марказига кириб келдик. Машинани йўл четига тўхтатдим. Энди у каловланганича чўнтак титкилай бошлади. Ҳамёнидан 5 минг сўм чиқарди.

— Ака, бир ўзим кетаётганим учун суҳбатлашиб кетгани атай сизни йўлдан олгандим. Ҳали яна уйингизгача бошқа транспортга чиқасиз. Менга бермоқчи бўлган пулингизни Боғдодга етиб олиш учун ишлатинг...

— Ука... хижолатга қўйманг одамни...

— Мен сизга жиддий айтяпман...

Қора пальтоли йўловчи бир зум ўйланиб қолди-да, раҳматлар айтганича иягига туширилган қора маскасини бурнигача кўтарди. Ҳолбуки, ўша атрофда маска таққан ягона инсон шу эди. Сўнг у турнақатор тизилиб турган «Дамас»лардан бирига бориб ўтирди.

Эҳ... йўлда шунча бирга суҳбатлашиб келиб, қора пальтоли йўловчининг исмини ҳам сўрамабман...

Орзу ва томорқа

Қишлоққа етиб келиб бувимга егулик сотиб олгани йўл четидаги дўконлардан бири қаршисида тўхтадим. Дўкон эшиги олдида маҳалламизда яшовчи Илёс акани учратдим. Анчадан бери кўришмаган қўшни билан озроқ суҳбатлашдик.

Ўзи ўқимаганига «алам» қилиб фарзандларини олийгоҳда ўқитаётган Илёс ака билан ҳар гал учрашиб қолганимизда мавзу фақат ўқиш ва илмдан бўларди. Шунинг учун бу сафар ҳам унинг ўғлининг ўқиши ҳақида гап очдим.

— Ўғлингиз ўқишни тамомладими?

— Яқинда бир йил бўлди, худога шукр. Ўқиши тугаган. Амаллаб ўқитиб олдим. Бахтимизга сигиримиз ҳар йили биттадан туғиб бериб турди. Бу ёқда сут-қатиғини пуллаб, рўзғорга ишлатиб турдик. Ҳар йили боласини сотдик. Контрактининг бир қисмини кўтарди-да...

— Яхши бўлибди ака. Энди укамиз нима иш қиляпти? Ишга жойлашгандир?

— Ҳали янгиликни айтмадим. Зўр янгилик бор бизда...

— Э, яхши-ку! Сиздаги янгилик доим яхшиликка бўлади. Қани эшитайлик-чи...

— Э, ука, ўғлимни биласанку, ўртоқларига қизиқиб, четга кетишга қизиқиб юрарди. Ўқишда ўқиб юрганида «Айлтс» деган нарса ўқиб турарди. Баллни яхши олган экан, Кореядаги ўқишлардан бирига кириб кетибди. Бошида биздан яширди четга ўқишга ўтганини. Университетни тамомлаб қишлоқда инглиз тилидан болаларга дарс ўтиб юрувди. Пулниям яхши топаётганди. Энди нима деймиз? Кетаман, деб туриб олса...

— Майли Илёс ака, омадини берсин. Ёшларга қўйиб беринг. Келажагини ўзи қурсин. Шуни хоҳлабдики...

— Ўтишга ўтиб олдику-я, у ёғиям контракт эканда...

— Кореяга ҳам контрактга ўтдими? Ҳа-а, майли ака, шунгаям ўта олмаганлар бор. Ўғлингизнинг омади бор экан.

— Майлику-я, ҳужжатларига ҳам анча пул кетди-да. Бир пайтлар болаларимга иморат қуриб берарман, деган яхши ниятда томорқа олиб қўйгандим. Шуни сотиб, контрактларига тўладим. Чет элга ҳам кетиш осон эмас экан-да, ука...

— Ўғлингиз Кореяда ўқиб келиб, ҳали яхши лавозимларда ишлайди. Бундай томорқалардан ҳали сизга кўпини олиб беради.

— Гапинг тўғри. Айтганинг келсин, ука. Мен ҳам хотинимга худди сен айтган гапни айтдим. Ўғлимни уйласам тўйга айтаман. Келасан-а?!

Мен албатта тўйда хизмат қилишимни айтиб, дўконга кирдим.

Сарвар Зияев, журналист.

Мавзуга оид