Ўзбекистон | 10:41 / 29.12.2021
89714
5 дақиқада ўқилади

Бухорода фоҳиша аёл қирққа яқин эркакка ОИТС юқтирган

Эркакларнинг кўпчилиги оилали бўлиб, касаллик уларнинг рафиқаларига ҳам юққан.

Фото: Kun.uz

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг “Жиноят ҳақиқати ва адолати” рукни остида эълон қилинган хабарига кўра, турли шахслар билан бетартиб жинсий алоқа қилиши оқибатида бухоролик аёлда 2017 йилда ОИТС касаллиги аниқланади.

Шундан сўнг, белгиланган тартибда диспансер назоратига олиниб, касалликни била туриб бошқаларга юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилади. Лекин шунга қарамай, у тартибсиз жинсий ҳаётини давом эттиради.

Эндиликда у мижозларнинг энг пулдорларини танлаб, улар билан муносабатга киришади.

“Соғлом ҳаёт” тезкор профилактик тадбирлари давомида Бухоро вилоятида жойлашган тунги кўнгилочар бар, кафе, ресторан, спа-салон, сауна ва массажхоналарда ўтказилган рейдлар давомида Бухоро вилояти ОИТСга қарши кураш марказида ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олиниб, бошқа шахсга касаллик юқтирган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддаси билан жазога тортилиши бўйича огоҳлантирилиб, тилхат олинган бўлса-да, бетартиб ҳаёт кечириб, фоҳишалик билан шуғулланиб келаётган шахс аниқланди. Моддий манфаат эвазига мижозларга интим хизмат кўрсатиб келиб, ўзидаги ОИВ инфекциясини юқтирганликда гумонланиб, мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тергов органларига юборилди”, – дейди Бухоро вилояти ИИБ тезкор ходими.

Видеодан кадр

Маълум бўлишича, аёл қарийб 4 йил давомида касалликни қасддан бошқаларга юқтириб келган. Олиб борилган ўрганишлар якунида ушбу аёл қирққа яқин эркакларга ОИВ инфекциясини юқтиргани аниқланган. Эркакларнинг аксарияти оилали. Натижада касаллик уларнинг турмуш ўртоқларига ҳам юққан.

Март-апрел ойларида дўстларим билан кафеда овқатланиб ўтирганимизда, ёнимиздаги столда овқатланиб ўтирган 2 нафар қиз билан танишиб қолдик. Улар билан бориб, яқин алоқада бўлиб, шундан сўнг, улар билан бир неча маротаба телефонлашиб, дўстларим билан бориб, яқин алоқада бўлганимиздан кейин мен у қизларнинг касалликка чалинганини эшитиб қолиб, тиббий кўрикдан ўтганимда, ўзимга ушбу касалликни юқтириб олганимни билиб қолдим. Турмуш ўртоғим ҳомиладор, ҳомила 6 ойлик.

Менинг ҳам аёлимнинг ҳам туғилажак фарзандимнинг ҳам ҳаёти хавф остида. Қилган ишимдан пушаймонман. Сизларни огоҳлантирмоқчиман: кўчадаги ҳар хил аёллар билан жинсий алоқада бўлманг. Бу ёмон оқибатларга олиб келади, – дейди фоҳиша аёл билан муомалага киришган эркаклардан бири.

Дўстим орқали бир қиз билан танишиб қолдим. Кейинчалик у билан яқин бўлиб, ўзаро жинсий алоқага киришдик. Мендан олдин дўстим ҳам у билан жинсий алоқада бўлганини билардим. Орадан анча вақт ўтиб, дўстим касалликка дучор бўлганини билиб қолдим. Ўзимдан шубҳаланиб, тиббий текширувдан ўтганимда менда ҳам касаллик борлиги аниқланди.

2 нафар фарзандим, турмуш ўртоғим бор. Ҳали бу ҳақда уларга айтганим йўқ. Нима қилишни ҳам билмай қолдим. СПИД касаллиги ҳақида суриштирдим. Бу касалликка ҳеч қандай даво йўқ экан. Палапартиш жинсий ҳаёт кечирмасдан, соғлом турмуш тарзи юритиб яшаш керак экан, – дейди касаллик юқтирган яна бир эркак.

Аёл билан жинсий алоқада бўлган яна бир эркак тўйдан олдинги тиббий кўрикда касаллигини билиб қолган.

Ўртоқларим билан кафеда ўтирганимизда бир номаълум аёл келиб, даврамизга қўшилди. Унинг кимлигини танимасдан, мастлик ҳолатида унинг яшаш хонадонига бордим. Эрталабгача кўнгилхушлик қилдим.

Яқин кунларда тўйим бўлиши муносабати билан бўлажак турмуш ўртоғим билан тиббий кўрикка борганимда менда СПИД касаллиги аниқланди. Бу касалликни оила аъзоларимга, яқинларимга тушунтиришнинг имкони йўқ. Тушкун аҳволдаман, – дейди жабрланувчи.

Қилмишидан пушаймонлик билдириб, бошини деворга уриб ёришга тайёр бу эркакларнинг хатоси жабрини оиласи, бегуноҳ аёли тортаётганини ҳазм қилиш қийин, албатта. Умрини, ёшлигини бир эркакка бағишлаб, унга гулдек фарзандлар туғиб берган, оиласи, рўзғорини тебратиб, эрининг ота-онаси-ю, ака-укаларининг хизматини беминнат қилган аёлга бевафо эрнинг мукофотими бу?” – дейилади лавҳада.

Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси Темур Нодировнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан ЖК 113-моддасининг 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов якунида жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилган. Суд ҳукмига кўра, судланувчига нисбатан 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумот учун, Жиноят кодекси 113-моддасининг 4-қисмига кўра, била туриб, бошқа шахсни ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИТСни юқтириш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид