Жаҳон | 18:46 / 14.01.2022
7169
2 дақиқада ўқилади

Эфиопия ЖССТни Гебрейесусга нисбатан суриштирув ўтказишга чақирди

Қайд этилишича, ЖССТ бош директори Эфиопиянинг ички ишларига аралашмоқда.

Фото: Getty Images

Эфиопия ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесусга нисбатан лавозимини суиистеъмол қилиш ва Эфиопиянинг ички ишларига аралашиш ҳолати бўйича суриштирув ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Fana телеканали Эфиопия ташқи ишлар вазирлигининг хатига асосланиб хабар берди.

Қайд этилишича, Гебрейесус Эфиопия фуқароси ҳисобланади ва исёнчи штат Тиграйда туғилган.

"Тедрос Гебрейесус Тиграй озодлик халқ фронтининг (ТОХФ) фаол аъзоси ва тарафдори бўлиб қолмоқда. Тедрос Гебрейесус ОАВдаги чиқишларида (ТОХФ)ни қўллаб-қувватламоқда ва унинг ҳарбий муваффақиятларидан қувонмоқда", дейилади Эфиопия ташқи ишлар вазирлигининг ЖССТ ижроия қўмитасига йўллаган хатида.

Хабар қилинишича, Эфиопия ҳукумати "Тедрос Гебрейесусни тегишли равишда жавобгарликка тортиш учун суд иши қўзғатиш жараёнида".

"Шу муносабат билан бош директорнинг қонунга зид ҳаракатлари ва профессионал ҳамда юридик меъёрларни бузганлигини аниқлаш учун суриштирув ўтказишга чақирамиз", дейилади Эфиопия ТИВ мурожаатида.

Эфиопияда 2020 йил ноябрдан бери Тиграй озодлик халқ фронти ва ҳукумат қўшинлари ўртасида тўқнашувлар бормоқда.

Мавзуга оид