Ўзбекистон | 19:10 / 18.01.2022
17627
9 дақиқада ўқилади

“География” фани соатлари қисқаргани йўқ — ХТВ

Мактабларнинг “География” фани ўқитувчилари дарс соатларининг қисқараётганидан шикоят қилмоқда. Kun.uz мухбири ўқитувчилардан бири билан суҳбатлашди. Халқ таълими вазирлиги масала юзасидан изоҳ берди.

Фото: Shutterstock

Вазирлик изоҳига кўра, дарс соатларидаги ўзгаришлар 2022/23 ўқув йилидан бошлаб 1–6-синфларда ягона “Табиий фанлар” (Science) фани жорий қилиниши билан боғлиқ.

Янги фан география, биология, физика, кимё ва астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

“Эндиликда бу фанларга оид билим ва кўникмалар ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантирилади. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда “Табиий фанлар” фани орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланди”, – дейилади расмий изоҳда.

Таъкидланишича, ўқувчилар бошланғич синфларда етарли кўникма ва малакага эга бўлишлари учун, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилган. Шу муносабат билан, 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик “Табиий фанлар” киритилган.

Қолган ҳафталик 3 соат “Табиий фанлар” доирасида 2-, 3-, 4-синфларга ўтказилди. Яъни, бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилган.

“Мактабда география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқаргани йўқ.

Бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар “Табиий фанлар”га сингдирилган, умуман дастурда эса, география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 та мавзуга, яъни 96 та мавзуга кўпайган.

Шу нуқтайи назардан, ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар асоссиз”, – дейилади Халқ таълими вазирлиги баёнотида.

ХТВ “Табиий фанлар” жаҳондаги “аксарият ривожланган давлатларда” борлигини таъкидлаб, Буюк Британияда табиий фанлар 1–6-синфларда интеграция қилинган ҳолда, ягона фан сифатида ўқитилишини мисол келтирган.

Таъкидланишича, Миллий ўқув дастурида айнан “География” фанидан ҳафталик 8 соат дарс ўтилиши белгиланган. Бу фан ўқитувчилари “Табиий фанлар” йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомласа, 11 соат дарс бериш имконига эга бўлади. Натижада, амалдаги ҳафталик 10 соат ўрнига, 11 соат дарс беришлари мумкин.

“Шу билан бирга, вазирлик дастурни халқаро талаблар асосида замонавийлаштириш бўйича ўз олдига қўйилган вазифаларни инобатга олган ҳолда, ўқувчиларда иқтисодий билимларни янада ошириш мақсадида қўшимча соат ажратиш бўйича имкониятларни ўрганмоқда.

Мазкур йўналишда қўшимча дарс жорий қилинса, бу ҳам география ўқитувчилари учун қўшимча имконият бўлади”, – дейилади Халқ таълими вазирлиги расмий ахборотида.

“Тўлиқ ставкада ишловчи ўқитувчилар камайиб кетиши мумкин”

Kun.uz мухбири ХТВ баёноти эълон қилинмасидан аввал Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида география фанидан дарс берувчи Бунёджон Носиров билан суҳбатлашган эди. Бунёджон – ЎзМУ магистратурасини тамомлаган, мустақил тадқиқотчи. 3 йилдан буён мактабда “География ва иқтисодий билим асослари” фанидан дарс беради.

— Бунёджон, айни пайтда география фани ўқитувчилари дуч келган муаммо ҳақида қисқа тушунтириш беринг.

— Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 24 декабрдаги 414-сон буйруғида 2022-2023 ўқув йилларига мўлжалланган таянч ўқув режаси келтирилган. Бу режада табиий фан ўқитувчилари дарс соатларининг кескин камайтирилиши биология, физика, айниқса география фани ўқитувчиларининг норозиликларга сабаб бўлмоқда. Чунки бу камайтиришнинг асосий қисми география фанига тўғри келяпти.

3 йилдирки “География” фани дарс соатлари кетма-кет қисқартириб келинмоқда. Бу йил 6-синфда “Табиий фанлар” (Science) фани жорий қилиниши сабаб бутун 7-8-9-10-11 синфларда ҳам география дарс соатлари қисқартирилиши биз географ ўқитувчилар учун катта муаммога айланди. Чунки қисқартириш асосан “География” фани ҳисобига бўлиб, Science фанидан барча табиий фан ўқитувчилари дарс ўтишлари мумкин. Ахир 1 ставка 20 соат бўлса, 2022-2023 ўқув йилидаги қисқартиришдан кейин республикамизнинг жуда кўплаб мактабларида тўлиқ ставкада ишловчи педагоглар сони кескин камайиб кетади. Бу эса яна мактабдан ўқитувчиларнинг, айниқса эркак ўқитувчиларнинг кетиши, қўшимча фаолият билан кўпроқ банд бўлиш, билим савияси пасайиши, аҳоли орасида норасмий ишсизлик ва камбағаллик ортишига олиб келади.

— Бу ҳақда огоҳлантирилганмидингиз? Нега бундай қарорга келинди, деб ўйлайсиз?

— Бу ҳақда дастлаб президентимиз томонидан табиий фанларни ўқитишни ривожлантириш ва таълим тизимида ягона Science фанини жорий қилиш тўғрисидаги қарорлари орқали бироз хабардор бўлган эдик. Лекин 1та фан орқали бу даражада қисқартириш бўлишини ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Тўғри, халқаро тажриба самаралидир, лекин ривожланаётган, аҳоли сони ва ишсизлик етарли даражада бўлган мамлакатимиз учун хориж тажрибасини мослаштириш ўрнига тўғридан тўғри қўллаш, шунча педагогни ишсизлик ботқоғига ташлаш (айнан ишсиз бўлмаса ҳам, аввалги дарс соатлари тенг 2 бараварга камаяди), қанчалик тўғри экан?

Хорижда ўз мамлакати чегараси, чегарадош давлатлари, бу давлатларнинг табиий, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ҳолати, жаҳондаги ресурслар, аҳоли, озиқ-овқат, экологик муаммолар ҳақида география дарсларида ўргатилади. Бизда эса йилдан йилга дарс соатлари камайтирилиши сабаб мактаб битирувчиларимиз IELTS олиб Корея, АҚШ ёки бошқа давлатга ҳужжат топширади, ўқишга киради, лекин харитадан ўзи ўқишга кирган давлатни топа олмайди, у давлатнинг иқлими, жойлашуви, шаҳарлари, ҳозирги ҳолати ҳақида ҳеч қандай билимга эга эмас.

Агар яхшилаб эътибор берсак, глобал иқлим ўзгариши, тинч қўшничилик, халқаро савдо муносабатлари, экологик муаммолар халқаро таълим тажрибасида кўп ўқитилади, алоҳида урғу берилади. Бизда эса, аксинча, йилдан йилга айнан шу зарурий билимлар берувчи география фани қисқариб бормоқда.

— Қаерларга мурожаат қилдингиз?

— Бу ҳолат бўйича расмий тарзда Халқ таълим вазирлиги ишонч телефонларига, ХТВ сайтига, Президент халқ қабулхоналарига (Президент порталига) 100га яқин мурожаат қилинди. Лекин ҳалигача расмий тушунтириш берилмади. Нима учун сўнгги йилларда бакалавр, магистратура қабул кўрсаткичлари 2 баравар оширилиб, иш ўрни ва дарс соатлари эса аксинча бунча қисқартирилади? Шу бўйича ҳам мурожаатлар қилинган.

— Сир бўлмаса, маошингиз қанча?

— Мен магистратурани тамомлаб, ҳозирда мактабда ўқитувчилик фаолияти, шунингдек илмий ишимни давом эттириш билан шуғулланмоқдаман. Умумий иш стажим 5 йил.

3 йилдирки Тошкент шаҳрида ишлайман. Иш ҳақим 2 млн 700 минг сўм атрофида. Тошкентда ижарада яшаб, яна илмий иш ёқлайман деб ҳаракат қилиб юрган ёш оила учун бу пул миқдори қанчалик етарли бўлишини ва дарс соатларининг қисқартирилиши бизга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини ҳам тушунгандирсиз.

Дарс соатларим яхши бўлса, ойликларимиз 2025 йилгача ошиб 1000 доллар бўлса, 2025 йилгача олий тоифали педагог мақомини олиб, маблағимни рўзғоримдан орттириб, тезроқ инглиз тилини ўрганишни режалаштираётгандим. ХТВ қарори бу режаларимни ортга суриб юборди.

— Балки таълим ислоҳотлари туфайли бу қарорга келингандир, вақти келиб ўзини оқлар.

— Тўғри, таълимда ислоҳот қилиш керак, замон ривожланар экан, аввало таълим унга ҳамоҳанг ривожланади ва айнан таълим ривожланиш локомотиви ҳисобланади. Лекин бу ривожланиш қайсидир фанни қисқартириш, кимнидир манфаати эвазига ёки ёшларни қайсидир фанлардан билимсиз қилиш эвазига амалга оширилмаслиги керак.

Президентимизнинг ўқитувчилар иш ҳақини 2025 йилгача 1000 долларга етказиш ҳақидаги гаплари бизга қанча куч, шижоат ва касбга садоқат туйғуларини бағишлаган бўлса, ХТВнинг бу 414-сонли буйруғи рағбатларни яна охирги поғонага тушириб юборди.

Буни бир менинг эмас, бутун республика географлари, кўзларидан учқун чақнаган бўлажак географ абитуриентлар, талаба, магистрлар номидан деб қабул қилишингизни ҳамда дарс соатларимизни ўзгартирмаслигингизни барча мутасадди раҳбарлардан ҳамда юртбошимиздан сўраймиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид