Ўзбекистон | 16:55 / 19.01.2022
43677
2 дақиқада ўқилади

Шукрулло Бобоев туман ҳокимлигидан кетди

Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Асилбек Ашуров Пахтакор тумани ҳокими в.б этиб тайинланди.

Бугун, 19 январь куни Пахтакор туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари ўттиз учинчи сессияси ўтказилди. 

Сессияда вилоят ҳокими Эргаш Солиев, туман депутатлари, туман ҳокими ёрдамчилари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситаси вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этишди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ташкилий масалада вилоят ҳокими Эргаш Солиев Пахтакор тумани ҳокими (в.б.) лавозимига Ашуров Асилбек Раҳмонович номзодини тавсия қилди.

Асилбек Ашуров

Депутатлар номзодни бир овоздан маъқуллашди. Янги лавозимга тайинлангунга қадар Асилбек Ашуров Жиззах вилояти прокурори ўринбосари лавозимида фаолият олиб бораётганди. 

Пахтакор туманига шу вақтгача Шукрулло Бобоев ҳокимлик қилаётганди. 2016-2017 йилларда Тошкент вилоятига раҳбарлик қилган Бобоев 2017 йилги пахта мавсумида ҳосил қўшиб ёзишга йўл қўйилгани сабаб ишдан олинган, 2018 йил апрелида эса Пахтакор туманига ҳокимликка тайинланганди.

Шукрулло Бобоев

Унинг ҳокимликдан кетиши сабаби ва кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилмаган. 

Мавзуга оид