Оққўрғон туманига янги ҳоким тайинланди
Оққўрғон туманининг янги ҳокими тасдиқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.
Халқ депутатлари Оққўрғон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Алишер Каримжонов Оққўрғон тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
А. Каримжонов 1980 йилда Янгийўл туманида туғилган. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи. Маҳаллий ҳокимлик тизимларида, молия ва статистика соҳаларида самарали меҳнат қилган.
У мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Оққўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Фарҳод Омонов Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари - вилоят ҳокимининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланиши муносабати билан туман ҳокими лавозимидан озод этилганди.
Шунингдек, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов ўтган йил декабрида Қашқадарё вилоятига биринчи ўринбосар бўлиб кетган Улуғбек Узоқов ўрнига Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади.