Жаҳон | 13:48 / 12.02.2022
40493
3 дақиқада ўқилади

ОАВ Туркманистонда навбатдан ташқари президент сайловлари санасини маълум қилди

Фото: Getty Images

Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат тараққиётининг янги босқичида ҳокимият бошқарувига йўл ёш раҳбарларга берилиши кераклигини таъкидлаган эди. Навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди.

«Интерфакс» хабарига кўра, Туркманистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари 12 март куни ўтказилиши режалаштирилган.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов «ўзи ҳақида қийин қарор» қабул қилганини эълон қилди ва мамлакат тараққиётининг янги босқичида ёш етакчиларга йўл бериш кераклигини таъкидлади.

Кейинроқ у МСКга навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди.

Амалдаги президент 2017 йил 12 февралда бўлиб ўтган сайловда давлат раҳбари лавозимига сайланган. Ўшанда унга сайловчиларнинг 97,69 фоизи овоз берди. Жами эса 3 миллион 163 минг 692 нафар сайловчи овоз беришда қатнашган.

Давлат раҳбари сайлови муқобиллик асосида ўтказилди, давлатдаги олий лавозимга тўққиз нафар номзод даъвогарлик қилди.

Туркманистон Конституциясига кўра, президент 7 йил муддатга сайланади. Навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди. 

11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламенти олий палатасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш якунида, 2022-2052 йилларда давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш миллий дастури қабул қилингандан сўнг, президент Гурбангули Бердимуҳаммедов сўз олди. У бундан роппа-роса 15 йил аввал президент этиб сайланганини қайд этиб, чарчаганига ишора қилди.

Январь ойи бошида навбатдан ташқари сессия ўтказилиши эълон қилинганидан бери, қўшни Қозоғистонда тартибсизликлар давом этар экан, кўпчилик 64 ёшли Бердимуҳаммедов ўзи раислик қилаётган парламент юқори палатаси ваколатларидан фойдаланган ҳолда ҳокимиятни ўз ўғли Сардор Бердимуҳаммедовга ўтишига йўл очувчи қарорлар қабул қилиш ниятида эканини кутган эди.

Ўтган йилнинг сентябрида 40 ёшга тўлган Сардор Бердимуҳаммедов энди конституцияга кўра энг юқори давлат лавозимига даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга. Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2021 йилнинг 11 февралида отаси уни бош вазир ўринбосари ва ҳукуматдаги бошқа бир қатор муҳим лавозимларга тайинлаганидан сўнг, Сардорнинг сиёсий карьерасида жиддий ўсиш кузатилди.

Мавзуга оид