Қарши туманидаги ариқ «эшаклар қабристони»га айлангани маълум бўлди
Маҳаллалардан биридаги катта ариққа ташлаб кетилган эшаклар суяги ойлар мобайнида сув остида ётган.
Қашқадарё вилояти Қарши тумани Чаман маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи катта ариқ эшаклар қабристонига айланган. Ушбу ҳолат тасвирлари ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, суяклар олиб кетилиб, йўқ қилинган.
Маҳалла раиси Ихтиёр Маҳкамовнинг айтишича, эшаклар суяги катта машинада олиб келинган ва ариқ суви оқиб турган пайтда ташлаб кетилган бўлиши мумкин. Чунки яқингача ҳам айнан ўша суяклар кўриниб қолган жойда анчагина сув йиғилиб турган ва унинг остидаги суяклар кўринмаган, сув сатҳи пасайгач, кўриниб қолган.
Айни вақтда ҳайвонлар қолдиғи олиб кетилган бўлса-да, сув остидан яна бир қанча эшак калласи, суяклари кўриниб турибди. Суяклар деярли чириш ҳолатига келган.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати аҳоли эътирозидан сўнг, соҳага алоқадор ташкилотлар ва маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, коллектордаги чиқиндилар олиб кетилганини маълум қилди. Ҳолат ҳақиқатан ҳам икки ойча аввал номаълум шахслар томонидан содир этилгани айтилди. Туман ташкилотлари томонидан ушбу коллектор қайта-қайта тозаланса-да, яна турли чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.
«Эшаклар воқеаси» қайта такрорланмаслиги учун ҳозирги вақтда ИИБ, маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилгани ва ариққа чиқинди ташлаш ҳолати қайта аниқланса, қонунда белгиланган тарзда қатъий чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қарши туман бўлими аҳоли ўртасида юқумли ва ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида туман аҳолисидан чиқиндиларни турли жойларга ташлаб кетмаслик, шундай ҳолатлар кузатилганда, ИИБ, Экология, «Тоза ҳудуд» ДУК ёки СЭО ва ЖСХга мурожаат қилиш сўралган.
Дарвоқе, Чаман маҳалласининг айнан шу қисми аҳоли яшаш марказидан бироз четда бўлиб, мана шундай «қора ишлар»га доим уя бўлиб келганини тасаввур қилиш қийин эмас. Маҳалла раиси ҳам ушбу фикрни тасдиқлади ва бир неча йил аввал бу овлоқ жойларда нохуш ҳолатлар тез-тез кузатилгани ҳақида гапирди.
Хулоса қилиш мумкинки, «эшаклар воқеаси» иккита нохуш тахминни илгари суради. Биринчидан, бунчалик кўп миқдордаги ҳайвон қолдиқлари ариққа ташлаб кетилиши натижасида исталган юқумли касаллик тарқалиш эҳтимоли юқори. Чунки ўша овлоқдаги сув оқиб аҳоли яшаш пунктига етиб келяпти. Иккинчи томони эса, эшаклар нега сўйилган ва уларнинг гўшти нима учун ишлатилган? Тахмин қилиш ҳам киши таъбини хира қилади.
Юқоридаги нохуш ҳолат нафақат соҳага масъул ташкилотлар, балки аҳолининг ҳам янада эътиборли бўлишини талаб этади.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:02 / 15.12.2024
Тахтиқорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди
15:18 / 08.12.2024
Қашқадарёда хотинини ов қуроли билан отиб қўйган эркакка ҳукм ўқилди
18:04 / 06.11.2024
Тахтиқорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
18:06 / 17.10.2024