Ўзбекистон | 15:45 / 25.02.2022
15364
2 дақиқада ўқилади

«Hamkorbank» «Сбербанк» билан ўтказмаларни тўхтатди

Бу қарор қабул қилинишига рубль курсининг тушиб кетгани ва беқарорлиги сабаб бўлган.

Фото: Hamkorbank

«Hamkorbank» 25 февралдан бошлаб Россиянинг «Сбербанк»ига тегишли мобил илова орқали ўзининг пластик карталарига юборилаётган маблағларни карталарга кирим қилишни вақтинчалик тўхтатди.

«Банк тизимларида олиб борилаётган техник ишлар ва мижозларимизнинг молиявий йўқотишларига йўл қўймаслик мақсадида «Сбербанк Онлайн» иловаси орқали «Hamkorbank» пластик карталарига юборилаётган маблағларни карталарга кирим қилиш 2022 йил 25 феврал кунидан вақтинчалик тўхтатилди. Ноқулайлик учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Kun.uz мухбири боғланган банк масъул ходими сўзларига кўра, бу қарор қабул қилинишига рубль курсининг тушиб кетгани ва беқарорлиги сабаб бўлган.

«Россия ва Украина ўртасида юзага келган инқироз сабаб рубль курси бир кунда 5-10 мартагача ўзгаряпти ва қадрсизланиб кетди. Шу сабаб меҳнат мигрантлари жиддий молиявий зарар кўришининг олдини олиш мақсадида «Сбербанк Онлайн» иловаси орқали ўтказмалар вақтинчалик тўхтатилди. Алоқа каналларимизга одамлар томонидан кам маблағ тушгани ҳақида мурожаатлар ҳам кўпайганди. Мигрантларимизга вазият барқарорлашгандан кейин ўтказмаларни амалга оширишни маслаҳат берамиз», деди мутахассис.

Аввалроқ, АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг 80 фоизлик банк сектори — «Сбербанк», «Внешторгбанк», «Газпромбанк», «Открытие», «Совкомбанк» ва «Новикомбанк» банкларига қарши санкциялар жорий қилганди.

Мавзуга оид