Ўзбекистон | 08:40 / 28.02.2022
2025
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда Бухоро буғуси отиб кетилди

Фото: Қорақалпоғистон Экоқўмитаси матбуот хизмати

23 февраль куни соат 04:30лар чамасида Беруний тумани Ўрмон хўжалигига ёндош ҳудудда милтиқнинг отилган овози ҳақида резерват ходимларига хабар келиб тушган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Экоқўмитаси хабар берди.

Маълум бўлишича, атрофни кўздан кечириш жараёнида шу ердаги ички асфальт йўлида қон изларини аниқланган. Шунингдек, фермер хўжалигига тегишли буғдой даласининг ёнидаги ариқда туёқ излари ҳам кўзга ташланган. Соат еттилар атрофида инспекторлар қон излари билан асфальтда 4 км ва тупроқ йўлда мотоцикл изи билан тахминан 2 км атрофида боришади. Изланиш натижасида соат 9:30 атрофида фермер хўжалиги даласи ёнидаги ариқ ичида бир дона эркак Бухоро буғусининг сўйиб олинган боши, оёқлари, териси ва ички аъзолари аниқланган.

Ҳолат бўйича Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ва Беруний тумани ИИБга хабар қилинган. Резерват ходимлари мотоцикл изи билан бориб, из бориб тўхтаган уйни аниқлашган.

Уйда Беруний тумани ИИБ тергов гуруҳи текшириш олиб борганда давлат рақами йўқ «ИЖ» русумли қизил рангли мотоцикли тургани ва бу мотоцикл ушбу хонадонда яшовчи 1993 йилда туғилган А.Ш.га тегишли экани маълум бўлган.

Мотоцикл кўздан кечирилганда яхшилаб ювилгани, лекин барибир баъзи жойларида қон доғлари ва ҳайвон жунлари борлиги аниқланди. Ш.А. ҳақиқатан ҳам шу куни бир бош Бухоро буғусини отганини тан олган ҳамда уйидан бир дона ҳужжатсиз ов милтиғи ва бир жуфт Бухоро буғуси шохини олиб чиқиб берган.

Ш.А. суриштириш давомида ушбу қонунбузарликни бир ўзи эмас, шериги Беруний тумани «Олтинсой» ОФЙда истиқомат қилувчи 1996 йилда туғилган К.М. билан бирга содир этганини тан олган. М.К. «Бийбазар» ОФЙ ИИБ таянч пунктига олиб келиб суриштирув ўтказилганда Ш.А. кўрсатмаларини тўлиғи билан тасдиқлаб, қилган қонунбузарлигини тан олган.

Ушбу ҳолат бўйича Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговчиси томонидан Ш.А. ва М.К.га нисбатан тўпланган материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилмоқда ҳамда ҳозирда тезкор ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан олдин Қорақалпоғистонда овчилар 9 бош ёввойи тўнғизни отиб ўлдирганди. Овчилар ҳалиям топилмади.

Мавзуга оид