Давлат хизматчиларига нималар тақиқлаб қўйилиши маълум бўлди
Давлат фуқаролик хизматчиларига бизнес эгаси бўлиш, қариндошини ишга олиш ва қариндошининг бўйсунувида ишлаш, ўз мавқейидан фойдаланиб совға ва мукофот олиш, республикадан ташқарида ҳисобварақ очиш тақиқлаб қўйилади. Улар педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғуллана олмайди. Депутатлар тегишли қонунни қабул қилди.
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда маъқулланди ва Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Депутат Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, қонун билан Ўзбекистон давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 120 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилмоқда.
Эндиликда ваколатли орган — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (чин) берилади.
Ваколатли давлат органи томонидан давлат хизматчиси фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ҳамда давлат хизматчисининг муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши ана шу баҳолаш тизими натижалари асосида таъминланади.
Шунингдек, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирларнинг олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятлари юкланмоқда.
Қонун билан давлат фуқаролик хизматчисига қуйидагилар тақиқланмоқда:
- ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;
- педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
- тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;
- ўз мавқейидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
- чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
- республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Қонунчилик палатаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни ҳам қабул қилган эди. Унда мансабдор шахсларга ўзбошимчалик билан қарор қабул қилиш тақиқланиши, фуқаролар манфаатига салбий таъсир қиладиган қарор қабул қилишда уларнинг фикрини эшитиш шарт деб белгиланган.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
12:00 / 11.12.2024