Жаҳон | 19:02 / 26.03.2022
36570
5 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказди (видео)

КХДР раҳбари Ким Чен Ин бошчилигида ўтказилган синовда баллистик ракета 6248 метрга кўтарилиб, 1 соатдан ошиқ учгач, Япон денгизига қулаган. БМТ ва АҚШ бошчилигидаги коллектив Ғарб Шимолий Кореянинг бу ҳаракатини қораловчи баёнот билан чиқди.

Шимолий Корея 24 март куни ўзининг янги қитъалараро баллистик ракетаси синовини ўтказди. Бу ҳақда КХДР давлат телеканалларига асосланиб, Al Jazeera хабар бермоқда.

Маҳаллий ОАВда янги турдаги қурол дея аталаётган Hwasong-17 баллистик ракетаси синови Ким Чен Иннинг буйруғи асосида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва АҚШ билан «узоқ давом этадиган қарама-қаршилик»ка тайёргарлик кўриш мақсадида учирилган.

Фото: Rodong Sinmun

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин шахсан бошчилик қилган баллистик ракета синовларига доир кадрлар давлат телеканалида худди блокбастер фильмлари каби қўйиб берилган. Қора чарм куртка ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак таққан Ким икки нафар ҳарбий қуршовида ракета олдига чиқиб келади ва ракета учирилишини кузатиб туради.

Фото: Rodong Sinmun

Пхенян халқаро аэропортидан учирилган 25 метр узунликдаги ракета, расмий маълумотларга кўра, 6 248 м баландликкача кўтарилган ҳамда ҳавода минг километрдан ортиқ учиб, 67 дақиқадан сўнг Япон денгизига қулаган.

«Корея Халқ Демократик Республикасида пайдо бўлган янги қурол бутун дунёни яна бир бор бизнинг стратегик қуролли кучларимиз қудратини аниқ тушуниб олишга мажбур қилади. Давлатимиз хавфсизлигига тажовуз қилишга журъат этишдан олдин ҳар қандай куч жуда катта тўлов тўлашига тўғри келишини яхши билиши керак», – дея Ким Чен Иннинг сўзларини келтирмоқда давлат телеканали.

Фото: Rodong Sinmun
Фото: Rodong Sinmun

Таҳлилчиларга кўра, Шимолий Корея учираётган ракеталар мудофаа мақсадларидан четга чиқиб, таҳдид кўринишига ўтган. Шунингдек, КХДР АҚШ томонидан ўзининг ядровий давлат сифатида тан олиниши ҳамда халқаро санкциялар бекор қилинишини хоҳламоқда.

Жанубий Корея ва АҚШ ҳозирча КХДР ҳаракатларига ҳарбий машғулотлар ўтказиш билангина жавоб бериши кутилмоқда. Чунки расмий Сеулнинг асосий иттифоқчиси айни дамда бор эътиборини Россия-Украина можаросига қаратган.

Лекин 24 март кунининг ўзида АҚШ давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс Шимолий Корея ядровий дастурига алоқадор Россия билан ҳамкорликдаги иккита компания КХДР Табиий фанлар иккинчи академиясига нисбатан санкциялар эълон қилинганини маълум қилди.

Шимолий Корея 2017 йилда илк бор ядровий бомбага эга қитъалараро баллистик ракетани тўлиқ синовдан ўтказган эди. БМТ раиси ҳам АҚШ, Жанубий Корея ва Япония томонидан кескин муҳокама қилинган ушбу синовнинг Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига зид эканини айтган.

Ҳолат юзасидан, кеча, 25 март куни БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлиси бўлиб ўтди. Кенгашда нутқ сўзлаган бош котибнинг сиёсий ва тинчликпарварлик масалалари бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло Шимолий Корея томонидан ўтказилган қитъалараро баллистик ракета синови 2018 йилда эълон қилган мораторий ва Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг очиқдан очиқ ва қўпол бузилиши эканини айтди.

Розмари ДиКарло – БМТ Бош котибининг сиёсий ва тинчликпарварлик масалалари бўйича ўринбосари / Фото: un.org

БМТ расмийси КХДР шу йилнинг ўзида 12 марта турли ҳажмдаги баллистик ракеталарни синовдан ўтказгани, лекин ҳеч бир синовлардан олдин қўшниларини хабардор қилмаганини таъкидлади.

Шунингдек, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Пхенянни эълон қилинмаган ракета синовлари фуқаролик парвозлари учун жиддий хавф туғдираётгани ҳақида бир неча марта огоҳлантирган.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти катта еттилик мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Евроиттифоқ билан биргаликда КХДРнинг ҳаракатларини қораловчи баёнот эълон қилди.

«Ушбу эҳтиётсиз ҳаракатлар минтақавий ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солади, халқаро фуқаро авиацияси ва минтақадаги денгиз навигацияси учун хавфли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хавф туғдиради.

[...] Аниқ биламизки, КХДРдаги оғир гуманитар вазият давлат ресурсларини ўз халқи фаровонлигига эмас, балки оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурларига йўналтириши натижасидир. Биз барча давлатларни БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан КХДРга татбиқ қилинган ҳамма чекловчи чораларни тўлиқ ва самарали амалга оширишга чақирамиз», – дейилади коллектив Ғарб баёнотида.

Шимолий Корея – Корея яриморолида жойлашган тоталитар-диктатура тизимидаги давлат. Майдони 120 минг км\кв.дан ортиқ, аҳолиси 26 миллионга яқин. 1948 йил – КХДР ташкил топганидан буён Кимлар династияси унга ҳукмронлик қилиб келади.

Бутунлай ёпиқ ташқи сиёсат олиб борувчи мамлакатни қўшнилари Хитой ва Россия қўллаб-қувватлаши айтилади. 2006 йилда Шимолий Корея илк ядро синовини муваффақиятли амалга оширгани ҳақида расман эълон қилган. Турли манбаларга кўра, айни вақтда Шимолий Кореяда 10 тадан 60 тагача ядро каллаги бор.

Мавзуга оид