Жаҳон | 16:49 / 29.03.2022
15154
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони ва БАА сиёсатни нефтга аралаштирмасликка чақирди

Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдул Азиз бин Салмоннинг сўзларига кўра, ОПЕК сиёсатдан холи ташкилот ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) ва ОПЕК+ келишувида асосий ўринга эга Саудия Арабистони халқаро сиёсат ва Украинадаги вазиятни нефт қазиб олиш соҳасига аралаштирмасликка чақирди, деб ёзади CNBC.

Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдул Азиз бин Салмоннинг сўзларига кўра, ОПЕК нефтнинг жаҳон бозоридаги нархини барқарорлаштириш мақсадини дунёдаги бошқа геосиёсий воқеалардан ажрата олиш маҳорати туфайли мавжуд. Ҳаттоки бу воқеалар халқаро ҳамжамият томонидан кенг муҳокама қилинса ва қораланса ҳам ташкилот сиёсий жараёнга аралашмайди.

“Бу маданият ташкилотга сингиб кетган, шу сабабли ОПЕК мажлислар залига ёки ОПЕК биносига кирганимизда ҳамма ўз сиёсатини эшик ташқарисида қолдиради”, деди у. 

Салмоннинг сўзларига кўра, ОПЕК ва ОПЕК+ низолар ичида қолган мамлакатлар, масалан, Ироқ ва Эрон билан ҳам ҳамкорлик қилган. 

Унинг фикрини БАА энергетика вазири Суҳайл ал Мазруий ҳам қўллаб-қувватлади.

Мазруийнинг таъкидлашича, ташкилотнинг асосий вазифаси жаҳон бозоридаги нархларни барқарорлаштиришдир.

Мавзуга оид