Ўзбекистон | 17:28 / 06.04.2022
35278
6 дақиқада ўқилади

Рўза кимларга фарз, кимларга енгиллик берилган? — Рамазонга доир савол-жавоблар

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойи, хусусан, рўза тутишга доир энг муҳим саволларга жавобларни туркум тарзда тақдим этиб боради.

Фото: KUN.UZ

Савол. Кимлар Рамазон рўзасини тутишлари лозим, шунингдек, кимларга бу борада енгилликлар берилган?

Жавоб: Ҳар бир ақлли, балоғатга етган мусулмон учун Рамазон рўзасини тутиш – фарзи айндир.

Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз», дейди (Бақара сураси, 183-оят).

Бошқа оятда эса: «Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деб буюради (Бақара сураси, 185-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, байтни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», деганлар (Муттафақун алайҳ, Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинган). Бошқа ҳадисда эса: «Рамазон ойингизда рўза тутинглар», деб буюрганлар (Имом Термизий Абу Умомадан ривоят қилинган).

Рўзанинг фарзлигига ижмо-уламолар иттифоқи бор, бунга ҳеч ким хилоф қилмаган.

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришни буюрган.

Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

“(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”, (Бақара сураси, 184-оят).

Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.

Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёхуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб, эълон қилинади.

Фидя Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради.

Шунингдек, рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин.

Фидя мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади.

Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.

Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.

Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман”, демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати милодий 2022 (ҳижрий 1443) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдорини эълон қилган эди.

  • Унга кўра, Фитр садақаси миқдори
  • буғдойдан 2 кг — 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан 4 кг — 16 000 (ўн олти минг) сўм;
  • майиздан 2 кг — 100 000 (юз минг) сўм;
  • хурмодан 4 кг — 160 000 (бир юз олтмиш минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

Фидя миқдори эса «Бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб», ўртача кунлик қиймати 25 минг сўм, бир ойлик миқдори эса 750 минг сўм этиб белгиланди.

Мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Мавзуга оид