Жаҳон | 08:23 / 07.04.2022
18499
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Малтани «олтин паспортлар»ни бекор қилишга чақирди

Регулятор Малта бой хорижликларга инвестиция эвазига фуқароликни бераётганидан хавотирда. Еврокомиссия Европа судига шикоят қилиши мумкинлигини билдирган.

Фото: Times Malta

Еврокомиссия (ЕК) Малтани «олтин паспортлар» деб аталувчи тизим – бой хорижликларга сармоя эвазига фуқаролик бериш амалиётини бекор қилишга чақирди. Малтага тегишли мазмундаги хабар юборилган, унга мамлакат икки ҳафта ичида жавоб бериши лозим. Агар Малтанинг жавоблари қониқарсиз деб топилса, Еврокомиссия Европа судига мурожаат қилиши мумкин, деб хабар берди регулятор 6 апрель, чоршанба куни Брюсселда.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари фонида Малта март ойи бошида Россия ва Беларус фуқароларига «олтин паспорт» беришни тўхтатди. Аввалроқ Еврокомиссия Европа иттифоқидаги қатор давлатлар раҳбарларининг «Россия ҳукумати билан алоқаси бўлган россиялик бойларга олтин паспорт» беришни чеклашга чақирувчи баёнотларини эълон қилган эди.

Бироқ Еврокомиссия Малта бошқа давлатларнинг бадавлат фуқароларига «олтин паспорт» беришда давом этаётганини ва бу амалиётни тўхтатиш нияти ҳақида расмий баёнот эълон қилмаганини аниқлади. 

Малта ҳукумати 6 апрель куни ЕКнинг хабари эътиборга олинганини маълум қилди ва шу билан бирга, фуқароликни бериш «Европа иттифоқига аъзо ҳар бир давлатнинг миллий ваколатига кириши ва шундай бўлиб қолиши» кераклигини таъкидлади. Малта ҳукумати «олтин паспорт»ни фақат «лойиқ одамлар» олиши кераклигини ҳам билдирган. 

2020 йилда Еврокомиссия хорижликларга «олтин паспорт» берилиши муносабати билан Кипр ва Малтага нисбатан келишувни бузиш жараёнини бошлаган эди. Кипр бу амалиётга чек қўйди ва ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб чет элликларга сармоя эвазига фуқаролик беришни тўхтатди.

Мавзуга оид