Ўзбекистон | 11:22 / 16.04.2022
2821
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда Nexia машинасини ўғирлаб кетиб ёқиб юборган шахс ушланди

Ўғри машинани ёқиб юборишдан аввал унинг газ баллони, давлат рақамлари ҳамда захира ғилдирагини ечиб олган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, 2022 йил 9 апрель куни Сардоба туманида яшовчи 42 ёшли А.М. вилоят ИИБга қўнғироқ қилиб ишончнома асосида бошқариб юрган Nexia-1 машинасини номаълум шахс яшаш уйи олдидан олиб қочиб кетганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сардоба тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жабрланувчига тегишли машина Сардоба тумани Қўйитош маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автойўлнинг 6-километрида ёқиб юборилган ҳолда топилган.

Машина кўздан кечирилган вақтда ўғри томонидан унинг давлат рақамлари, газ баллони ҳамда юкхонасидаги захира ғилдираги ечиб олиб кетилгани аниқланган.

Тергов-тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, мазкур жиноятни Сардоба туманида яшовчи муқаддам судланган 30 ёшли К.Р. содир этгани аниқланган. Унинг яшаш хонадони тинтув қилинганида, олиб қочилган Nexia-1 машинасининг газ баллони ҳамда захира ғилдираги мавжудлиги аниқланиб, улар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича К.Р. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “г” банди ва 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид