Жамият | 17:08 / 18.04.2022
25690
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 10-синф ўқувчиси интернет-клубдаги жанжал оқибатида вафот этди

Тошкент шаҳрида ўрта мактаб ўқувчиси оғир тан жароҳати олиб вафот этди. Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Табылды Кадырбеков

2022 йил 17 апрель куни тахминан соат 18:00 ларда 2005 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 68-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси И.Ш. Сергели тумани, Сергели 2-даҳасида жойлашган «Game club» интернет ўйингоҳида бўлган.

И.Ш. ва 2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, МЧЖлардан бирида қадоқловчи бўлиб ишловчи Х.С. ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан.

Оқибатда, Х.С. И.Ш.нинг юз ва танасининг турли жойларига қўл ва оёқлари билан уриб тан жароҳати етказган. И.Ш. ҳушсиз ҳолатга келиб, ерга йиқилган.

Олган тан жароҳатлари сабабли И.Ш. тез тиббий ёрдам хизмати томонидан  РШТЁИМга олиб кетилаётган вақтда тез тиббий ёрдам машинасида вафот этган.

Суд тиббий экспертизаси дастлабки маълумотномасига кўра, вояга етмаган И.Ш. танасининг чап кўз ости соҳаси кўкарган, шилинган, пешона соҳаси териси тирналган каби жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Сергели туман ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Х.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Мавзуга оид