Жаҳон | 09:30 / 06.05.2022
43578
5 дақиқада ўқилади

Исроил Путин Лавровнинг сўзлари учун узр сўраганини маълум қилди

Россия ташқи ишлар вазири Италия телеканалига берган интервюсида Адолф Ҳитлерда яҳудий қони бўлган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Фото: Getty Images

Исроил бош вазири офисидан хабар қилишларича, Россия президенти Владимир Путин мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Адолф Ҳитлерда «яҳудий қони» бўлгани ҳақидаги сўзлари учун узр сўраган. Кремл Путин телефон орқали Нафтали Беннет билан мулоқот қилгани ҳақида хабар берган, аммо узр ҳақида эслаб ўтилмаган.

«Шунингдек, улар Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг сўзларини ҳам муҳокама қилди. Беннет [телефон мулоқоти чоғида] Путиннинг узрини қабул қилди ва унга яҳудий халқига ва Ҳолокостга бўлган муносабатига ойдинлик киритгани учун миннатдорчилик билдирди», — дейилади исроилликлар бош вазири офиси хабарида.

Кремл ҳам Россия президенти ва Исроил бош вазири ўртасида ўтказилган телефон мулоқоти тўғрисида хабар берган, аммо хабарда Путин узр сўрагани ҳақида эслаб ўтилмаган.

Кремл берган хабарга кўра, мулоқот давомида «етакчилар 9 май санасининг Россия ва Исроил халқлари учун алоҳида аҳамиятини қайд этишган», Путин «Исроилда яшаётган фахрийларга соғлиқ ва фаровонлик тилакларини етказишни сўраган», Беннет эса «Қизил Армиянинг нацизм устидан қозонилган ғалабадаги ҳал қилувчи ҳиссасини эътироф этган».

Мулоқотда томонлар Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳудудидаги тинч аҳолини эвакуация қилиш бўйича ҳам фикр алмашган.

Исроил томони айтаётган Путин узр сўраши керак бўлган сўзлар Лавровнинг Италиядаги Mediaset телеканалига берган интервьюсида айтилганди.

Унда президенти Володимир Зеленский яҳудий бўлгани ҳолда Украинани қандай қилиб нацизмда айблаш мумкинлиги тўғрисидаги саволга жавобан Лавров Адолф Ҳитлерда ҳам «яҳудий қони» бўлгани ва қоида тариқасида «энг ашаддий антисемитлар» яҳудийлар бўлишини айтганди.

Россиялик вазирнинг баёноти норозилик тўлқинини келтириб чиқарди - бутун дунёдаги яҳудий ташкилотлари ҳам, Исроил ҳукумати вакиллари ҳам қаттиқ эътироз билдира бошлашди. Россия элчиси «тушунтириш суҳбати» учун Исроил ТИВга чақиртирилди.

Исроил ҳукумати раҳбари Нафтали Беннет Лавровни ёлғончиликда айблади. «Россия ташқи ишлар вазири баёнотига ўта жиддийлик билан ёндашаман. Унинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди, унинг айтилиши нотўғри. Бундай ёлғонлардан мақсад яҳудийларга қарши содир этилган тарихдаги энг жирканч жиноятларда уларнинг ўзларини айбдор қилиш ва бу орқали Исроилнинг душманларини жавобгарликдан озод этиш ҳисобланади», деган Исроил ҳукумати раҳбари.

Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид Лавровнинг таъкиди «кечириб бўлмайдиган ва кишини ғазаблантирадиган бўлишдан ташқари, ўта қўпол тарихий хато» эканини айтди. «Яҳудийларга нисбатан ирқчиликнинг энг қуйи даражаси – яҳудийларнинг ўзини антисемитизмда айблашдир», деди у.

Бунга жавобан Россия ТИВ эълон қилган баёнотда Исроил Киевдаги «неонацистик режим»ни қўллаб-қувватлаши ва айрим яҳудийлар Ҳолокост амалга оширилишида ёрдам бергани айтилади.

«Исроил билан алоқалар сақланиб тураркан, тўлиқ изоляция бўлмайди»

Политолог Аббас Галлямовнинг фикрича, Путин Лавров бошчилигидаги Россия ТИВ ноҳақ бўлганини тан олиши ва узр сўраши фактининг ўзи Россия президенти «ҳали ҳам қандайдир адекватликни сақлаб қолгани»дан дарак беради.

«Камида у Исроил билан жанжаллашишни истамайди. Бу муҳим жиҳат. Исроил билан алоқалар сақланиб қоларкан, биз бутунлай яккаланиб қолган ҳисобланмаймиз. Чунки бутун дунё бизга қаршилиги ҳақидаги тасаввур - Путиннинг электоратини шокка туширади. Шу маънода Исроил билан муносабатлар зулмат салтанатидаги ёруғ нур мисоли. Бу нурни ўчириш эса - аҳмоқликнинг чўққиси бўлади», деган Галлямов BBC мухбирига.

Сиёсатшуноснинг ҳисоблашича, можаро Лавров интервью давомида деворга тақалганида ақлли гап айтишга ҳаракат қилганида ва исроилликларни ҳақорат қиладиган гап айтиб қўйиши оқибатида юзага келган. Кейин эса, унинг хулоса қилишича, Кремлнинг анъанавий мантиғи ишга тушган: «ҳеч ким бизни айблашга ҳақли эмас; биз ҳамма нарсада ҳақмиз; бизни айблашга уринаётганлар эса - душман».

«Ва бу ерда муаммо шундаки, Кремл учун узр сўрашни қабул қилиб бўлмайди, чунки «уларнинг мантиғи»га кўра, бу кучсизликни англатади. Лекин охир-оқибат вақт кўрсатдики, бундай мантиқ боши берк кўчага олиб келади. Чунки Исроил - Россия билан муносабатларни бузмаган, муносабатни сақлаб қолишга уринаётган, санкцияларга қўшилмаётган, Украина сўраётган бўлса-да, жиддий қуроллар етказиб бермаётган охирги давлат», дея эслатади эксперт.

Мавзуга оид