Ўзбек спортининг 30 йиллик тарихидаги энг яхшилар тақдирланди
Миржалол Қосимов, Абдулла Тангриев ва Оксана Чусовитина охирги учта ўн йилликда Ўзбекистоннинг энг яхши спортчилари сифатида тақдирланди. Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанада 30 йилликнинг энг совриндор мураббийи, олимпиадаларда энг кўп медал олган спортчи ва федерация ҳам эълон қилинди. Мукофотланганлар қаторида Хиросима-1994да чемпион бўлган футболчилар, Салим Абдувалиев ва Равшан Эрматов ҳам бор.
6 май куни Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда турли номинацияларда лауреатлар тақдирланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Олимпиадаларда энг кўп медал келтирган федерация” – Ўзбекистон бокс федерацияси
Мукофотни Осиё Олимпия кенгаши президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх ва спорт вазири Адҳам Икромов топширди.
Совринни МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов қабул қилиб олди.
“Олимпия рекордчиларини тарбиялаган федерация” – Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси
Мукофотни спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов қабул қилиб олди.
Сўнгги 10 йилликлар кесимида Ўзбекистоннинг энг яхши спортчилари:
- Миржалол Қосимов (1991-2001)
- Абдулло Тангриев (2001-2011)
- Оксана Чусовитина (2011-2021)
Мукофотларни Осиё Олимпия Кенгаши бош директори, Халқаро сузиш федерацияси президенти Ҳусайн Ал Мусаллам ҳамда ООК вице-президенти Отабек Умаров топширди.
“Олимпия ўйинларида энг кўп медалга эга чиққан спортчи” – Ришод Собиров
Мукофотни ООК вице президенти Шаҳзода Абдулазиз бин Турки ал Файсал (Саудия Арабистони), ХОҚ вакили Оливие Луис Ниамкей ҳамда Ўзбекистон МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов топширишди.
“30 йилликнинг энг совриндор мураббийи” – Марат Қурбонов
Мукофотни ООК вице-президенти Гордон Танг, ООК Халқаро муносабатлар ва МОҚлар билан алоқалар департаменти директори Винод Тивари ҳамда Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти, Ўзбекистон МОҚ раиси ўринбосари Сакен Полатов топширишди.
Марат Қурбонов саломатлиги сабаб тадбирга кела олмади. Унинг ўрнига мукофотни Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Мурод Мамадалиев қабул қилди.
“30 йилликда узлуксиз медалларни қўлга киритган ассоциация” – Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси
Мукофотни ООК Осиё ўйинлари департаменти директори, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ҳамда Бирлашган кураш дунёси (UWW) вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ўринбосари Ахрол Рўзиев топширишди.
Совринни МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев қабул қилди.
“Ўзбек спортини дунёга тарғиб қилишдаги хизматлари учун” – Равшан Эрматов
Мукофотни ООК вице-президенти Тимур Кулибаев ҳамда МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов топширишди.
“30 йилликнинг энг шонли терма жамоаси” – футбол бўйича 1994 йилги Ўзбекистон миллий терма жамоаси
Узоқ йиллар ичида биринчи марта, Хиросима-1994 Осиё ўйинларида ғалаба қозонган футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг деярли барча аъзолари бир саҳнада жам бўлди.
“Ёзги Олимпия ўйинларидаги биринчи медал” – Армен Багдасаров
Мукофотни ООК вице-президенти Абдулраҳмон Тани Ал Қувари (Қатар) ҳамда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғафур Раҳимов топширишди.
“Ўзбекистоннинг энг ёш Олимпия ўйинлари чемпиони” – Улуғбек Рашидов
Мукофотни ООК “Аёллар ва спорт” комиссияси раиси Ҳаят Абдулазиз Ал Халифа, Спорт орқали бирлашиш ташкилоти президенти Стефан Фокс (Германия) ҳамда Ўзбекистон МОҚ раисининг ўринбосари Шерзод Тошматов топширди.
Мавзуга оид
15:24 / 04.12.2024
Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин — тадқиқот
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024