Ўзбекистон | 08:07 / 12.05.2022
6146
2 дақиқада ўқилади

Суғориш учун сув олиш лимитлари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

2022 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитлари;

2022 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳининг таркиби;

Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан насос станциялари ва вертикал суғориш қудуқларини ишлатиш учун 2022 йилда сарфланадиган электр энергияси миқдорлари;

2022 йилда амалга ошириладиган ирригация тизимлари ва улардаги гидротехника иншоотларини, насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш-тиклаш ва қуриш ишлари режаси.

Республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари:

йирик сув омборларида сув ресурсларидан фойдаланишни назоратга олиш, хусусан сув чиқаришни қатъий равишда ҳокимликларнинг аниқ ҳисоб-китобларига асосланган талабномалар бўйича амалга ошириш;

гидромелиоратив тармоқларнинг мавсумга шайлигини таъминлаш билан боғлиқ барча тадбирларнинг бажарилиши бўйича қатъий назорат олиб бориш тизимини йўлга қўйиш;

сувни тежайдиган суғориш технологияларини “бир канал - бир тизим” тамойили асосида жойлаштириш;

суғориш мавсуми давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ҳар куни таҳлил қилиб бориш.

Мавзуга оид