Жаҳон | 10:14 / 13.05.2022
6052
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея COVID-19’дан илк ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди

Шимолий Кореяда SARS-CoV-2 вируси билан касалланганидан жами олти киши вафот этди. Вафот этган беморлардан бирида «омикрон»нинг ўта юқумли варианти борлиги аниқланган.

Фото: AP

Пандемия бошланганидан бери SARS-CoV-2 коронавируси дастлабки ҳолатлари тасдиқланганидан бир неча кун ўтиб, Шимолий Корея COVID-19’дан биринчи ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди

Корея марказий ахборот агентлиги (КМАА)нинг 13 май, жума куни маълум қилишича, жами олти киши вирус юқтириб олиш натижасида вафот этган. Вафот этган беморлардан бирида аввалроқ «омикрон»нинг ўта юқумли варианти аниқланган. 

КМАА маълумотларига кўра, касаллик апрель ойининг охиридан бошлаб «тез тарқала» бошлаган. Агентлик хабарида айтилишича, гап «мамлакатдаги жиддий фавқулодда ҳолат» ҳақида бормоқда. КХДР давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин бутун мамлакат бўйлаб локдаун жорий этишни буюрди.

Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлган Шимолий Корея ўзини пандемиядан ҳимоя қилиш учун 2020 йил бошида чегараларини ёпди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея соғлиқни сақлаш тизими вируснинг тарқалишига дош бера олмайди.

Қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, КХДРнинг 25 миллион аҳолисидан деярли ҳеч бири коронавирусга қарши эмланмаган. Бу мамлакат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), шунингдек, Хитой ва Россиянинг эмлаш дастури бўйича таклифларини ҳозиргача қабул қилмаган. 

Мавзуга оид