Ўзбекистон | 16:23 / 13.05.2022
20938
6 дақиқада ўқилади

Тошкент депутатлари блогер Никита Макаренко устидан ИИББга шикоят қилди

Тошкент ҳокимлиги, шаҳар кенгашининг қарорини асос қилиб кўрсатган ҳолда, кўп қаватли уйлар фасадидаги мозаикаларни ўчириб ташламоқчи бўлганди. Мозаикаларни бўяб ташлаш депутатларнинг қарори бўлганига ишонган блогер Никита Макаренко уларни танқид қилган. Маълум бўлишича, депутатлар шу куннинг ўзида шаҳар ИИББга блогер устидан ариза берган. Маданий мерос агентлиги Макаренкони қўллаб-қувватлаб чиқди.

Фото: Gazeta.uz

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Тошпўлат Маткаримов мусиқачи, блогер Никита Макаренко устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилди. Бу ҳақда блогер ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Макаренконинг ёзишича, у Ўзбекистоннинг маданий мероси, хусусан, мозаикаларни фаол ҳимоя қиларкан, шаҳар депутатларини бу борадаги ҳаракатсизлиги учун танқид қилган, депутатлар бу танқиддан ранжиган.

“Ҳурматли депутатлар! Мен сизнинг болаларча таҳдидларингиздан кейин ҳам маданий меросни ҳимоя қилишдан тўхтамасликка бутун жамоатчилик олдида қасам ичаман. Маданий мерос – муқаддас нарса. Сиз кетасиз, улар эса қолади.

Албатта, бу абсурд. Биз нафақат меросимизни ҳимоя қилишимиз керак, балки унинг ҳимоячилари ҳам аслида меросни ҳимоя қилиши керак бўлган ҳокимиятдан судда ўзларини ҳимоя қилишга мажбур. Лекин, бунинг ўрнига улар эҳтимолий жиноятларни яшириш учун ҳимоячиларни зарарсизлантиришга ҳаракат қилмоқда”, – деб ёзган Никита Макаренко.

Шунингдек, у жамоатчиликни маданий мерос ҳимоячилари ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ўртасидаги суд кутаётганини таъкидлаган.

Март ойида Чилонзордаги қатор кўп қаватли уйлар фасадидаги мозаикаларга цемент аралашмаси суртиб чиқилган, жамоатчилик хавотир билдирганидан кейин ҳокимият буни мозаикалар мустаҳкамлигини ошириш мақсади билан изоҳлаганди. Цемент аралашмаси ювиб ташланган бўлса-да, Gazeta.uz'нинг аниқлашича, ҳокимлик баёноти рост эмасди: тасвирларни ўчиришга қасддан ҳаракат бўлган. / Фото: Gazeta.uz

Бир неча ҳафта олдин Чилонзор туманидаги бир нечта кўп қаватли уйлар фасадидаги мозаикаларни бўяш бошланганида, жамоатчилик эътирозига жавобан шаҳар ҳокимлиги бу ишлар шаҳар кенгашининг қарори асосида бўлаётганини маълум қилганди. Бироқ кенгаш қарорида мозаикаларни ўчириб ташлаш кўзда тутилмаган, фақат ободонлаштириш ҳақида сўз борган. Макаренко ўшанда депутатларни танқид қилиб пост ёзган.

“Бу одамлар кимлар? Уларни ким танлаган? Нимаси билан ном қозонган? Нима қилишяпти?

Тошкентдаги ҳаётим давомида уларнинг шаҳар ҳаётида фаол иштирок этгани ҳақида бирор марта эшитмаганман. Ҳеч қачон. Бирор бир зиддиятли ҳолатларда ҳам. Ҳамма жойда фаоллар ёки журналистлар. Булар ҳар доим жим ва ҳокимга қоғозларни “силкитади”.

Маълум бўлишича, маданий меросни йўқ қилишади. Шаҳар кенгаши, сен кимсан? Бизга бундай кенгаш керак эмас!” – деган блогер жорий йил 29 март куни ёзган постида.

Никита Макаренко / Фото: Facebook

“Бу – депутатларнинг умумий шикояти”

Kun.uz билан гаплашган депутат Тошпўлат Маткаримов 29 март куни Никита Макаренко устидан Тошкент шаҳар ИИББга айнан ўзи эмас, кенгаш депутатлари умумий шикоят киритганини таъкидлади.

“Макаренко биз чиқарган қарорни кўрмасдан туриб, бизни мозаикаларни бўяшда айблади. Ваҳоланки, қарорда у ҳудудларни ободонлаштириш ҳақида гап кетган эди. У ўзбек тилини тушунмаган бўлиши ёки кимдир унга қарор матнини нотўғри талқинда тушунтирган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, у депутатларни обрўсизлантирувчи гапларни ёзган. Ахир, депутатлар халқ томонидан сайланган ва депутат мақомига доир қонун билан ҳимояланади.

Агар журналистлар этикага риоя қилмаса ёки нимадир нотўғри ёзса, АОКАга ёки журналистлар уюшмасига шикоят қиламиз. Никита блогер бўлгани учун қаерга ёзишни билмай, Тошкент шаҳар ИИББга унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришини сўраб мурожаат киритдик.

Шахсан мени Никита Макаренкога ҳеч қандай ғаразим йўқ. У билан мен ҳам, депутатлар ҳам очиқ мулоқотга тайёр. Бирор масала бўлса, бизга алоқага чиқсин ёки келиб муаммоларни кўрсатиб берсин, биргаликда ҳал қилайлик”, – дея депутат Тошпўлат Маткаримовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошпўлат Маткаримов / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Маданий мерос агентлиги Макаренкони қўллади

12 май куни Маданий мерос агентлиги блогер Никита Макаренкони назарда тутган ҳолда маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва уларга етказилаётган зарарни аниқлашга ҳисса қўшиб келаётган фаол блогер ва журналистларнинг саъй-ҳаракатларини эътироф этишини маълум қилди.

Агентлик, пойтахтдаги кўп қаватли уйларнинг мозаикалари бўяб ташланаётгани маданий мерос ҳимоячиларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани, буларнинг кўпчилиги айнан жамоатчилик эътирозидан сўнг тўхтатилаётганини эслатган.

Ваколатли орган депутатларнинг ИИББга шикояти бўйича муносабат билдирмаган, бироқ ўз баёнотида Макаренконинг 29 март куни ёзган, депутатларда эътироз уйғотган юқоридаги постига ҳавола берган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Никита Макаренко кўтарган масалалар аслида кенгашга ёрдам эканини таъкидлаб, “депутатлар ким тарафида ўзи”, дея савол қўйган.

“… Албатта, журналист мақоласига эътироз бўлса туҳмат, ёлғон маълумот берилган бўлса, масалани суд орқали ҳал қилиш – уни кўчада ушлаб олиб, бошига бир ургандан кўра энг тўғри йўл. Лекин Никита кўтарган масалалар ҳақиқатда жиддий бўлса, блогер маданий мерос учун куйиб-пишиб жон куйдираётган бўлса, бу аслида кенгашга ёрдам эмасми?

Депутатлар кимнинг томонида ўзи?

Нима ҳам дердик. Қани кўрамиз масала қаерга қараб кетади ва унинг ортида ким ҳингиллаб ўтирибди. Кузатамиз”, – дея ёзган Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, шу йил феврал ойида Тошкентдаги маданий мерос объектларидан бири – Космонавтлар майдонини қонунга зид равишда, Маданий мерос агентлигидан рухсат олмай туриб реконструкция қилиш бошланган, агентлик қурилиш компаниясига огоҳлантириш берганига қарамай, реконструкция давом этаверганди.

Мавзуга оид