Иқтисодиёт | 18:37 / 19.05.2022
89141
10 дақиқада ўқилади

Ун нархи ошмоқда: сабаб ва прогнозлар

Ўзбекистонда охирги уч ойда буғдой уни нархи 15-23 фоизга ошди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев Kun.uz билан суҳбатда айтишича, ун нархининг ошиши жаҳон миқёсида кузатилмоқда. Кейинги ойларда янги ҳосил ўрилиши, шунингдек, Қозоғистонда экспорт квотаси бекор қилиниши сабаб Ўзбекистонда бу маҳсулот нархи барқарорлашиши мумкин.

Ўзбекистон Марказий банки феврал ойидан буён ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг ўртача чакана нархларини эълон қилиб бормоқда. Мазкур маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, феврал ойидан май ойининг биринчи 10 кунлигигача бўлган даврда буғдой уни нархи 15-23 фоизга ошган.

Февралда марказий бозорларда 4000-6000 сўмдан сотилган биринчи навли ун нархи май ойига келиб 4700-7800 сўмдан сотилмоқда:

  • Феврал: 4000 сўмдан 6000 сўмгача;
  • Март: 4000 сўмдан 6500 сўмгача;
  • Апрел: 4000 сўмдан 7500 сўмгача;
  • 7 май ҳолатига: 4700 сўмдан 7800 сўмгача.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрел ойида буғдой уни нархи бир йил олдингига нисбатан 16,5 фоизга, йил бошига нисбатан 9,6 ва ўтган ойга нисбатан 5 фоизга ошган.

Шунингдек, буғдой уни нархи ўтган йилнинг шу даврида йиллик нисбатда 7,5 фоизга ўсган. Статистика буғдой уни ошиши тезлашгани ва жорий йилнинг апрел ойида нарх ўсиши борасида етакчилик қилганини кўрсатади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нима дейди?

Фото: Kun.uz

Бухоронинг Қоракўл туманида буғдой уни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркор Kun.uz билан суҳбатда нархлар сезиларли ошгани ҳақида гапирди.

“Аввал бир қоп унни 220 минг сўмдан сотаётган бўлсам, энди нарх 320 минг сўмга чиқди. Сизга минимал нархни айтяпман. Максимал даражада 400 минг сўмга ҳам чиқди”, – дейди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, нарх ошиши қисман мавсумий омил билан боғлиқ, лекин буткул эмас.

“Ўтган йили ҳам, ундан олдин ҳам йилнинг бу даврида кескин нарх ошишини кузатмагандик. Бу мавсумий омил билан боғлиқ, албатта. Буғдой захиралари тугаган, бир ойдан кейин ҳосил йиғиш бошланади. Бироқ ўтган йили нарх бунчалик ошмаганди.

Мавсумий омил етмагандек, Қозоғистон ҳам буғдой экспортига квота қўйди. Бу икки сабаб нархлар ошишида рол ўйнади”, – дейди у.

Нега Қозоғистон буғдой ва ун экспортини чеклаяпти?

Қозоғистон ҳукумати ички бозорда тақчиллик юзага келишининг олдини олиш учун буғдой ва уннинг икки ойлик экспортига квота киритган. 15 апрелдан 15 июнгача кўпи билан 1 млн тонна буғдой ва 300 минг тонна ун экспорт қилиниши мумкин.

Бундан аввалроқ, март ойининг ўрталаридан бошлаб Россияда буғдой экспортига тақиқ жорий қилинганди. Бу чекловлар ЕОИИ мамлакатларига нисбатан ҳам жорий йилнинг 30 июнигача амалда бўлиши кўзда тутилган.

Қозоғистон буғдой етиштириш бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланса-да, мамлакатга маълум миқдорда Россиядан дон маҳсулотлари импорт қилинарди. 2021 йилда Қозоғистонда ғалла ҳосили меъёрдан тахминан чорак бараварга кам бўлган. Бу эса буғдой экспортини бож ёки квоталар орқали чеклаш масаласини кун тартибига чиқарган.

Аммо Россиядан Қозоғистонга катта миқдорда буғдой экспорт қилиниши (ЕОИИ доирасида товар етказиб беришда экспорт божлари олинмаслиги ҳисобига ҳам Россиядан импорт қилиш нархларни қимматлаштирмайди) мамлакат ички бозорини сезиларли даражада қўллаб-қувватлаган. Рақобат вужудга келиши нархларнинг барқарорлигини таъминлаган ва Қозоғистонда етиштирилган дон маҳсулотларининг бир қисми Марказий Осиё давлатларига (хусусан, Ўзбекистонга) экспорт қилинган.

Ҳозирги вазиятда Россиядан дон маҳсулотлари келишининг тўхташи натижасида жорий йилги ҳосил йиғимидан олдин нархлар ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида квоталар жорий қилинаётган бўлиши мумкин.

Жаҳон миқёсидаги тенденция

Миркомил Холбоев / Фото: Facebook

Kun.uz билан суҳбатда иқтисодчи Миркомил Холбоев буғдой уни нархи ошиши борасидаги омилларни санади.

“Ун нархи билан боғлиқ муаммо ривожланаётган давлатлар, умуман ривожланган дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан бери каттароқ муаммолардан бирига айланиб улгурган эди. Россия–Украина уруши бошланганидан кейин эса бу муаммо янада жиддийлашди. Жаҳон озиқ-овқат ташкилотининг маълумотларига кўра, март ойида дон маҳсулотлари нархининг ўсиш темпи 17 фоиздан юқори бўлган. Бунинг асосий сабаби буғдой нархининг ўсиши ҳисобланади.

Умуман олганда, бутун дунёга буғдой экспортининг 25-30 фоизи Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Икки давлат ўртасидаги можаро туфайли  Украинада ҳосилни йиғиб олиш, умуман уни етиштириш, шунингдек, экспорт муаммолари Украинадан келадиган буғдойга қаттиқ боғланган давлатлар ва бошқа мамлакатларга ҳам жиддий таъсир қилмоқда.

Украина буғдой экспорти бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллайди. Суратда – ушбу мамлакатдаги буғдой ўрими / Фото: FAO / О.Тюилье

Шу нуқтайи назардан бир қанча давлатлар, шу жумладан Россия ҳам март ойи ўрталарида ўзларининг буғдойларига чекловлар, яъни квоталар ўрнатишни бошлади. Бундан мақсад – қисқа муддатли беқарорлик туфайли ички бозордаги вазият кескинлашувининг олдини олишдир. Худди шу анъанага Қозоғистон ҳам амал қилиб, жорий йилнинг 15 апрелидан 15 июнига қадар буғдой ва ун экспортига квотали чеклов қўйди. Бу тўлиқ чеклов эмас, балки миқдорий чеклов, яъни экспортни маълум миқдордан ошириш мумкин эмас.

Аҳамиятли жиҳати, квотанинг амал қилиш муддати ҳам узоқ давом этмайди. Буғдойнинг ўзи учун икки ойлик квота 1 млн тонна бўлса, ун учун 300 минг тоннани ташкил қилади”, – дейди у.

Марказий Осиё давлатлари қозоқ унига юқори даражага боғланган

Миркомил Холбоевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонни ун билан таъминлашда Қозоғистон ва Россиянинг аҳамияти юқори.

“Қозоғистон нафақат Ўзбекистонга, балки барча Марказий Осиё давлатларига экспорт қилади. Ўзбекистонга экспорт товарларининг 2021 йилда 1/4 қисмини буғдой ташкил қилган. Тожикистонда ундан ҳам юқори – 33 фоиз. Қозоғистоннинг Тожикистонга бутун экспортининг 1/3 қисмини буғдой ташкил этган. Бу катта рақам, Тожикистоннинг ўзида Қозоғистондан келадиган буғдой умумий истеъмолининг тенг ярмини ташкил қилади.

Ўзбекистонда ҳам Қозоғистондан келадиган буғдой унига боғланиш кучли. Январ ойидаги статистикага кўра, мамлакатимизга 26,8 минг тонна буғдой кириб келган бўлса, унинг 26,6 минг тоннаси, яъни 99 фоизи Қозоғистондан кириб келган. Қозоғистоннинг Россия билан битта иттифоқда эканини ҳисобга олсак, буғдойнинг бир қисми Россиядан кириб келган бўлиши ҳам мумкин”, – дейди иқтисодчи.

Май ойида квоталарнинг асосий таъсирларини сеза бошлашимиз мумкин

“Апрелда ўтган ойга нисбатан буғдой уни нарх 5,2 фоизга ошган. Бу – ўтган ойларга нисбатан сезиларли ўсиш. Бироқ ҳали бу квоталаш таъсири демаган бўлардим. Чунки халқаро савдода шартномалар бир неча ой учун тузилади. Май ойида балки квоталарнинг асосий  таъсирларини сезишни бошлашимиз мумкин. Ҳозирги нархлар ошиши бутун дунёда юзага келаётган беқарорлик сабаб дейиш мумкин. Жаҳонда донли маҳсулотларнинг нархи ўсмоқда, Қозоғистон ҳеч қандай чеклов қўймаган тақдирда ҳам дунёда нарх ўсиши бизга ҳам таъсир қилиши табиий”, – дея тушунтиради Миркомил Холбоев.

Нарх қачон барқарорлашади?

Буғдой ўримининг бошланиши нархни барқарорлаштирувчи омиллардан бири деб кўрилмоқда. / Фото: Kun.uz

Иқтисодчи кейинги ойларда нархлар барқарорлашиши эҳтимоли юқорилигини айтди.

“Биринчи чорак бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари импортига қарайдиган бўлсак, уннинг импорти ўтган йилга нисбатан 59 фоизга, буғдой импорти 40 фоизга ошган. Бу қийматни нархга чақса, импорт реал ҳажмда камайганини кўриш мумкин. Чунки ўтган йилга нисбатан буғдой нархи 40 фоизга, март ойининг ўзида дон экинлари нархининг ўзи 17 фоизга ошган.

Яна бир жиҳат: буғдойни ўриб олиш даври яқин бир ойда бошланади. Бу ҳам бозордаги нархларнинг барқарорлашига сабаб бўлиши мумкин. Бу – яқин муддатдаги тенденция. Узоқ муддатдаги тенденцияни прогноз қилиш қийин. Май ойида эса ўсиш тезлашиши мумкин. Ундан кейинги ойларда нарх ўсиши муаммога айланмайди. Бу мавсумий пишиқчилик ва буғдой ўримлари бошланиши билан изоҳланади.

Ўзбекистон импорт қиладиган уннинг деярли барчаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. / Фото: Kun.uz

Бундан ташқари, Қозоғистон киритган квоталар муддати ҳам узоқ эмас – 15 июнгача. Бу даврга келиб Қозоғистоннинг квоталари бекор қилинишини ҳам прогноз қилса бўлади. Бу импорт ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин.

Прогнозлар ижобий бўлса-да, бир жиҳатни унутмаслик керак. Глобал беқарорлик бизга ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Марказий банк жорий йил учун асосий кўрсаткичларни ўзгартиргани ҳам импорт қилинадиган озиқ-овқат нархларининг ўсиши билан боғлиқ. Буни тўхтатиш кўп жиҳатдан ўзимизнинг қўлимизда эмас.

Келаётган ойларда бироз барқарорлик кузатилиши мумкин, бироқ буғдой нархи йил якунлари бўйича нархи юқори даражада ошган товарлар қаторида бўлади”, – дея хулоса қилди иқтисодчи Миркомил Холбоев.

Мадина Очилова.
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид