Жаҳон | 22:45 / 19.05.2022
9925
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик амалдорларга хорижда активларга эга бўлиш тақиқланди 

Хабар қилинишича, Хитой коммунистик партияси хорижда кўчмас мулк ёки хорижий компанияларда улушларга эга бўлишни тақиқловчи ички буйруқни қабул қилган. 

Фото: Andy Wong / AP

Хитой коммунистик партияси хорижда ўзи ёки қариндошлари активларга эга бўлган мансабдор шахсларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишига йўл қўймайди, деб хабар берди The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, партия хорижда кўчмас мулк ёки хорижий компанияларда улушларга эга бўлишни тақиқловчи ички буйруқни қабул қилган. Бундан ташқари, мансабдорлар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандларига хориж банкларида зарур сабабларсиз (масалан, ишлаш ёки ўқиш) ҳисобрақам очиш мумкин эмас.

WSJ манбаларининг қайд этишича, айрим юқори лавозимли амалдорларнинг оила аъзолари ҳужжат талабларига мувофиқ бўлиш учун хориж компанияларидаги акцияларини сотиб юборган.

Ҳужжат Ғарб хитойлик амалдорлар ва уларнинг қариндошларига санкциялар киритган тақдирда пайдо бўладиган хатарни камайтириш мақсадида Си Цзинпин томонидан қабул қилинган, деб ёзади.

«Раҳбар кадрлар, айниқса, юқори лавозимдагилар оилавий интизом ва ахлоқ қоидаларига эътибор қаратишлари лозим. Улар ўрнак кўрсатиши, масъулиятли бўлиши ва ишини ҳалол бажариши керак», — деганди Си Цзинпин шу йилнинг январида.

Апрел ойида АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Тайванга бостириб кирилган тақдирда кескин санкциялар киритилишини айтиб, Хитой «Россия-Украина инқирозидан тўғри сабоқ» чиқаришига умид билдирганди. Бунга жавобан Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Ле Юйчэн «Хитой санкциялар таҳдидидан қўрқмаслигини» айтганди. 

Май ойи бошларида Хитой ҳукумати давлат органлари ва корпорацияларидан икки йил ичида импорт компютерларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига алмаштиришни талаб қилганди

Мавзуга оид