Спорт | 11:27 / 23.05.2022
32049
8 дақиқада ўқилади

АПЛда қайноқ якун: «Ливерпул» чемпионликка яқин эди, Жеррард яна уялтирди

Фото: Getty Images

Англия чемпионати тарихидаги яна бир қизғин кечган чемпионлик пойгаси якунига етди: Жеррард Гвардиола жамоасини 2:0 ҳисобида ортда қолдираётганди, аммо бу етарли бўлмади. Юрген Клопп мавсумни Пеп Гвардиоладан бир қадам ортда якунлади.

АПЛ. 38-тур

Ливерпуль – Вулверҳэмптон 3:1 
Голлар:
 0:1 – 3 Нету, 1:1 – 24 Мане, 2:1 – 84 Салоҳ, 3:1 – 89 Робертсон.
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, Конате, Робертсон, Ҳендерсон, Тиаго Алькантара (Милнер, 46), Кейта (Фирмино, 70), Мане, Диогу Жота (Салоҳ, 58), Диас.
Вулверҳэмптон – Жозе Са (Радди, 46), Кастро, Боли, Коуди, Гомеш, Аит-Нури, Дендонкер (Тринкау, 90), Моутинью, Рубен Невеш, Ҳименес, Нету (Ҳванг Ҳи Чҳан, 22).

Манчестер Сити – Астон Вилла 3:2 
Голлар: 
0:1 – 37 Кэш, 0:2 – 69 Коутиньо, 1:2 – 76 Гундўған, 2:2 – 78 Родри, 3:2 – 81 Гундўған.
Манчестер Сити – Эдерсон, Стоунз, Фернандиньо (Зинченко, 46), Лапорт, Жоау Канселу, де Брюйне, Бернарду Силва (Гундўған, 68), Родри, Фоден, Маҳрез (Стерлинг, 56), Габриэл Жезус.
Астон Вилла – Ольсен, Чемберс, Мингз, Динь, Коутиньо (Накамба, 72), Макгинн, Буэндиа (Янг, 88), Дуглас Луис, Рэмзи (Ингз, 83), Кэш, Уоткинс.
Огоҳлантиришлар: Мингз (49), Накамба (87).

Квадрупл бўлмайди

Англия премьер-лигасининг ақл бовар қилмас сўнгги турининг асосий якуни: «Ливерпул»да совринлар бўйича покер бўлмайди. Аммо Юрген Клопп фантастик ютуққа жуда яқин келди: Лига Кубоги ва Англия Кубогидан кейин қизиллар АПЛда сенсацион натижа кўрсатиши мумкин эди. Бир ҳафтадан кейин эса Чемпионлар лигаси финали — «Ливерпуль» кўз ўнгимизда янги тарих ёзиши мумкин эди.

Аммо айнан Англия чемпионлиги титулини қўлга киритиш энг қийин вазифа эди. Британ оролларидаги мухлислар ҳам АПЛ ғолиблигини Чемпионлар лигаси кубогидан устунроқ кўришади. Бугунги «Манчестер Сити»ни унинг даҳо мураббийи ва ҳар бир позициядаги юлдуз футболчилари билан бирга ортда қолдириш эса идеал натижа бўларди.

Гвардиоланинг характери

Ғолиб бўлиш учун «Ливерпул»га сўнгги турда ўз ўйинида «Вулверҳэмптон»ни мағлуб этиш ва «Манчестер Сити» «Астон Вилла» билан ўйинда очко йўқотишига умид қилиши керак эди. Чемпионлик учун курашаётган жамоаларнинг рақибларида муҳим вазифа (еврокубоклар йўлланмаси ёки АПЛда жон сақлаб қолиш) йўқ эди, аммо қизилларда қўшимча устунлик бор эди: «Вилла»ни клуб афсонаси Стивен Жеррард бошқармоқда ва унинг қўли остида Филиппе Коутиньо ўйнамоқда. Айнан бразилиялик футболчи иккинчи бўлимда ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.

«Ливерпул»нинг собиқ аъзолари ўзларига боғлиқ барча ишни қилаётган маҳалда, қизилларнинг ўзи ноодатий тарзда асабийлаша бошлашди: улар 3-дақиқадаёқ «Вулверҳэмптон»дан гол ўтказиб юборишди ва танаффусга жамоалар 1:1 ҳисобида чиқиб кетишди. Дуранг эса Клоппни қаноатлантирмасди. Шу билан бирга, қизиллар параллел кечаётган учрашувда нима бўлаётганидан хабардор эди, аммо гол ура олишмасди. Парадокс: «Сити» жуда ёмон ўйнаётганди, аммо «Ливерпул» якуний тур давомида бир сонияга бўлса ҳам онлайн турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарила олмади.

Пеп Гвардиола жамоасини тез-тез қатъиятсизликда айблашади —  мураббий А режани жуда зўр тузади, аммо «Сити» учрашувнинг боришини ўзгартира олмайди, деб ишонилади. Аммо якшанба куни мўъжизалар куни бўлди ва «Сити» ўзидан талаб этилган ҳақиқий эркакча характер кўрсатди. 75-дақиқада «шаҳарликлар» 0:2 ҳисобида ютқазаётганди, 81-дақиқага келиб ҳисоб 3:2 кўринишини олди. «Ливерпул» ҳам ўз ўйини якунида ғалаба голларини урди, Муҳаммад Салоҳ (Клопп уни Виржийл ван Дейк каби ЕЧЛ финалига асраган, аммо барибир майдонга туширишга мажбур бўлганди) ва Робертсон ўз номларини таблога ёздиришди, аммо энди кеч эди: «Сити» ўйиннинг сўнгги қисмида тўпни бурчакка олиб бориб, ўйинни ўлдирди, Жеррард жамоаси бунга қарши ҳеч нарса қила олмади.

«Сити» муносиб қўлга киритган соврин

Финал ҳуштаги янграганидан кейин ижтимоий тармоқларда «Ливерпул»нинг собиқ сардори қаттиқ зарба остида қолди. Барча АПЛнинг 2013/14 йилги мавсумидаги чемпионлик пойгасини эслади, ўшанда Жеррард «Челси» билан ўйинда тойиб кетиб тўпни йўқотган ва Демба Ба ғалаба голини уришига имкон берганди — бу гол «Ливерпул»нинг титул учун имкониятларига қаттиқ таъсир қилган ва якунда «Сити» ғалабага эришганди. Ҳозирда ҳам Жеррард кўчма маънода тойиб кетди: 75-дақиқагача 2:0 ҳисобида устунлик қилиб, ютқазиши кўпчиликни ранжитди. Бу ерда ҳам ўртага у 26 йил ҳаётини бағишлаган жамоанинг чемпионлиги масаласи тикилганди. Айтиш мумкинки, агар «Вилла» ҳеч бўлмаса дуранг натижани ушлаган тақдирда ҳам «Ливерпул» Жеррард учун рамзий олтин медал топширган бўларди. Аммо бу имкон бой берилди.

«Ливерпул» совринлар покерисиз қолди, «Сити» қийинчилик билан бўлса-да Англия чемпионатида ғолиб чиқди. Бу адолатдан бўлди: Гвардиола жамоаси ёзда Суперкубок ўйинида «Лестер»га ютқазган, ички Кубокларда ва еврокубокда финалгача ҳам ета олмаган, шундай экан, АПЛ бу мавсумда совриндор бўлиш учун ягона умид бўлиб қолганди. Гвардиола жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бирини қургани ҳақидаги фикр билан баҳслашиш қийин. Кўпчилик унга тенглашишга уринади, унга қараб йўналиш олади, ундан ҳайратланади. Агар «Сити» мавсумни совринсиз якунлаганида ғалати бўларди. У совринга муносиб эди.

Ўйин якунлангач «Сити» мухлислари майдонга югуриб чиқиб, ғалабани қизғин нишонлашди, Гвардиола эса кўзига ёш олди.

Мухлислар шундай зўр чемпионлик пойгасига лойиқ эди. Бу 2018/19 йилги мавсумни эслатиб юборди, ўшанда ҳам барчаси сўнгги турда ҳал бўлган: «Ливерпул» 97, «Сити» эса — 98 очко жамғарган. Фақат ўшанда қизиллар мавсум ўрталарида асосий рақибдан анча олдинга чиқиб кетган, аммо якунда барчаси бой берилганди. Ҳозир эса аксинча бўлди — Гвардиола Клопп жамоасига жуда яқин келишга имкон берди (январ ойида ўртадаги фарқ 10 очкодан кўпроқ эди), аммо унга совринни бермади.

«Сити» яна биринчи, «Ливерпул» эса иккинчи. Яна бир адолатсизлик шундаки, Гвардиола Англияга келганидан буён Чемпионлар лигаси ғолиблиги учун интилади, аммо сўнгги беш йилда тўртинчи бор чемпионатда ғолибликни қўлга киритди. «Ливерпул» эса АПЛдаги биргина ғалаба билан кифояланган, лекин Клопп бошқарувида уч бор Чемпионлар лигаси финалига чиққан.

Мавзуга оид