Ўзбекистон | 19:20 / 27.05.2022
33555
3 дақиқада ўқилади

Гўзаллик ахлатга ботирилганда. Бу – табиатни севишмас, “лайк” йиғиш ҳирси

Тошкент шаҳридан 80 километрча узоқликда Хўжакент ўрмон ҳудуди бор. У ерга тоза ҳавоси, сойи ва гўзал манзарасини кўриш учун ҳар йили минглаб одамлар боради. Аммо ҳар мавсумда дам олувчилар келиб-кетишгач, Хўжакент дам олиб бўлмас ҳолга келади.

Фото: KUN.UZ

Шаҳар шовқини ва ҳавосидан зериккан одамлар салқин ва тоза ҳавоси бор масканларга югуради. Шундай жойлардан бири – Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги, пойтахтдан 2 соатлик масофадаги Хўжакент ўрмон хўжалиги ҳудуди.

Фото: Uforum.uz
Фото: Uforum.uz

Тошкент шаҳридан 80 километрча узоқликда жойлашган Хўжакентга одамлар енгил машина ёки Тошкент–Хўжакент йўналишидаги электр поезд билан етиб олишади.

Хўжакент баъзи манбаларда Ҳожикент деб ҳам аталади. Ҳар ёз-куз мавсумида турли ҳудудлардан минглаб дам олувчилар бу ерга келади.

Ана шу минглаб одамлар дам олиб кетишгач, Хўжакент қаровсиз қолган чиқиндихонага айланади. Келганлар ўзлари билан олиб келган егулик қадоқларини табиатга “совға қилиб” кетишга одатланишган.

Чиқиндиларнинг асосий қисми – целлофан пакетлар, бир марта фойдаланиладиган идишлар ва турли ичимлик идишлари.

Дам олиш маскани ҳудудига чиқинди ташлаш учун қутилар ўрнатилган. Шунга қарамай, одамлар чиқинди маҳсулотларини тўғри келган жойга улоқтириб кетишган.

Дам олувчиларнинг табиатга эътиборсизлиги илк марта бўлаётгани йўқ. Бундай ҳолат ҳар мавсумда такрорланаверади. 2022 йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Краснагорск шаҳарчаси ҳудуди дам олувчилардан кейин қолган чиқиндилар билан тўлгани сурати тарқалган эди. Шундан кейин ҳудуд Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан тозалаб қўйилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш – экотуризм оммалашаётгани ижтимоий тармоқларнинг оммалашаётгани билан ҳам боғлиқ. Табиат қўйнида тушилган суратлар интернетга жойлангач, кўпчиликка ёқяпти ва экотуристлар сони ортяпти. Бироқ бундан табиат азият чекмаслиги керак.

Соф манзарадан баҳра олиб, у ерни чиқиндихонага айлантирганларнинг аксарияти турган гапки, ҳашарга чақиришса боришмайди.

Бошқача айтганда, чиройли жойларни ахлатга қориштириб, у ерларда тушилган сурат орқали ижтимоий тармоқларда “лайк” йиғиш – табиатни севиш эмас, табиатдан худбинларча ўз мақсади йўлида фойдаланишдир.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Суратлар муаллифи – Ситора Элбоева

Мавзуга оид