Жамият | 12:45 / 29.05.2022
52692
5 дақиқада ўқилади

Оёқсиз йигит: инсон иродаси чегара билмайди

У икки оёғидан ажралганида саккиз ёшда эди. Ҳаётда синиб, ўрнини тополмай қолиши учун шу синовнинг ўзи ҳам кифоя қиларди. Аммо у шахсга айланиш учун, бировга муҳтож бўлиб қолмаслик учун ўзини қўлга олди.

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Зангибойи маҳалласида яшовчи Улуғбек Юсупов билан суҳбат давомида унинг бирор марта ҳам нолиганига гувоҳ бўлмадик. У ҳеч қачон ногиронлик аравачасидан фойдаланмайди, қўллари ёрдамида «юради».

Фото: Kun.uz

Улуғбек ўша мудҳиш кунни эслай олмаслигини айтди. Онасининг хотирлашича, қаҳрамонимиз болалигида ўртоқлари билан поездга осилган ва оёқлари релсда қолиб кетган.

Улуғбек Юсупов 15-16 ёшида отасининг пайвандлаш ускунасидан фойдаланишни ўрганиб олади. Кўп вақтини шу ишни ўрганишга сарфлайди. Натижада мустақил тарзда устачилик қилишни бошлайди. Дастлаб маҳалладан, секин-аста туманнинг бошқа ҳудудларидан буюртма олиб пайвандчилик қилади. Ҳозирги вақтда шериклари билан турли вилоятларга бориб кўп қаватли уйлар, маиший бинолар қурилишида ишлаяпти.

«Ногиронлик аравачасида юришни истамайман. Уйда ётиб олиб, ногиронман, менга ёрдам беринглар ҳам дегим келмайди. Худога шукр, ҳунарим бор. Кўчага чиқсам, иш топилади. Катта-кичик буюртма оламан. Ҳеч бўлмаганда, рўзғоримга ярим кило гўшт ва иккита нон топиб келоламан», – дейди Улуғбек.  

Ҳозирги кунда Улуғбекнинг икки фарзанди бор.

Фото: Kun.uz

«Очиғи, бир кун келиб оила қуришга қарор қилганимда, қандай қиз менга рози бўларкин деган хаёлга ҳам борганман. Йўқ, шукрки, оқила жуфт насиб қилди. У мутлақо соғлом, оёқ-қўллари бор. Бир ўғил, бир қизли бўлдик. Ишга кетганимда аёлим тез-тез телефон қилиб, ҳолимни сўрайди. Уст-бошим тозалиги, қандай овқат еётганим билан қизиқади. Ота-онамнинг хизматини қиляпти. Менга яна нима керак?» – дея ҳаётдан мамнунлигини билдирди.

Улуғбек Юсуповга бир марта ҳомийлар томонидан ногиронлик аравачаси ҳам берилган. У аравачадан фойдаланишни истамаган ва бошқа маҳаллада икки оёғи ишламай қолган қизчага совға қилган. «Ўша пайтда қизча ва унинг онаси йиғлаб дуо қилишди. Бу ҳолатни тасвирлаб бўлмайди», – деб эслайди қаҳрамонимиз.

Улуғбек пайвандчилик қилиб ойига ҳеч бўлмаганда бир миллион сўм, кўпроқ иш топилганда беш миллион сўмгача даромад қилишини айтди. «Бирор марта пулга муҳтож бўлиб қолганим, ота-онамнинг пенсиясига қараганимни эслолмайман», – дейди у.

Очиғи, Улуғбек Юсупов исталган техникани бошқара оламан, деганда ҳайратимизни билдирдик. Йўқ, у ўзининг ҳолатида мушкул бўлган бу вазифани кўз олдимизда уддалаб берди.

Фото: Kun.uz

У томорқада белкурак ёрдамида ер ағдариб, деҳқончилик қила олишини ҳам билдирди.

Жорий йилнинг феврал ойида Улуғбек Юсупов билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалди. У Паст Дарғом туманида бошқарувни йўқотиб, жарликка қулаган машинани ўчириш учун ўзини тутаб турган техниканинг ичига уради. Улуғбек ўша воқеани айтиб берди.

«Машина ағдарилганда, ҳамма жарликдан тепага қараб югурди. Чунки у тутаётганди. Ўша вақт кимдир машина ичида бола бор деди. Мен болаларни яхши кўраман. Бу гапни эшитиб ўзимни тутиб туролмадим ва машинага ошиқдим. Ичкарида ҳеч ким йўқ экан, машинани ўчириб, калитни олиб чиқдим», – дейди у.

«Кимлардир ҳаётингни хавфга қўйдинг, бекорга, ҳеч ким йўқ экан-ку дейишди. Кимдир машинада қолган бўлиши ҳам мумкин эди-ку? Шунинг учун афсусланмайман, инсонга ўлим истаган вақтда келиши мумкин. Пешонамизга ёзилганини яшаймиз», – дейди Улуғбек.

Фото: Kun.uz

Улуғбек Юсупов биз учун вақт ажратган куни Қашқадарёга жўнаб кетаётган экан. Икки ҳафталик ишим бор, катта буюртма олганмиз, деди. Онасининг дуосини олиб, сафархалтани елкасига иларкан, назаримизда унинг оёқлари бордек туюлди.

У ўз ҳаёти, яшаш тарзи билан инсон иродаси чегара билмаслигини исботламоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид