Жамият | 16:10 / 07.06.2022
33170
2 дақиқада ўқилади

ТДПУнинг собиқ декан ўринбосари номусга тегиш бўйича айбсиз деб топилди

Педагогика университетида декан ўринбосари бўлиб ишлаган Боғабек Йўлдошев Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Айбловнинг номусга тегишга оид қисми реабилитация қилинган. У жазони манзил-колонияда ўтайди.

2021 йилнинг октябрь ойида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Профессионал таълим факультети биносидаги воқеа бўйича жиноят иши юзасидан суд якунига етди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабарига кўра, судланувчи Боғабек Йўлдошевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бугун, 7 июн куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ниҳоясига етиб, ҳукм эълон қилинган.

38 ёшли Йўлдошев Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 1-қисми билан айбланаётган эди. Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилди.

Шу билан бирга, судланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.

Манфаатдор шахсларга мулкий ундирув масаласида фуқаролик суд иш юритуви тартибида мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, октябр ойида ТДПУда 3-курс талабаси бўлган қиз декан ўринбосарининг 2-қаватдаги хонаси деразасидан пастга тушиб кетган эди. Қизнинг яқинлари мансабдор уни деразадан итариб юборганини айтганди. Йўлдошев ўша вақтда ҳибсга олинган, кўп ўтмай ишдан бўшатилганди.

Мавзуга оид