Жамият | 11:15 / 09.06.2022
9113
1 дақиқада ўқилади

Оқдарёда савдо дўконлари ёниб кетди

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида йирик ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот тақдим этди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 9 июн куни соат 03:50 да Самарқанд вилояти Оқдарё тумани «Лойиш» МФЙ А.Темур шоҳкўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган.

Ёнғин жойига соат 03:56 да етиб борилиб, соат 04:45 да қуршаб олинган ва ёнғин соат 05:37да бартараф этилган. Ёнғинни бартараф этишга 7 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳамда ёрдамчи (“Камаз”) жалб этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида мебель, хўжалик моллари ва озиқ-овқат дўконларининг тахминан 200 квадрат метр майдонида шифт, том ва жиҳозлари ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Бундан олдин, жорий йилнинг 7 июн куни Самарқанд шаҳридаги марказий кўчада йирик ёнғин чиққанди.

Мавзуга оид