Жамият | 12:26 / 13.06.2022
34555
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда акаси ва отасини ўлдириб кўмиб юборган йигит ушланди

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ургутда қотиллик жинояти содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати ҳодиса юзасидан расмий баёнот берди.

Унда ёзилишича, 2022 йил 7 июн куни соат 19:30 ларда, Ургут тумани Навбоғ кўчасида яшовчи фуқаро Ж.М. туман ИИБга мурожаат қилиб, отаси Б.М. ва укаси Ш.М. уйида йўқлиги, телефон рақамлари ишламаётгани учун уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича,  Ж.М.нинг яна бир акаси Ш.М. туман ИИБга айбини бўйнига олиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. У аризасида 2022 йил 15 май куни соат 07:00 да отаси Б.М. ва акаси Ш.М. билан жанжаллашиб қолиб, уй хўжалигида фойдаланган болта ва ошхона пичоғи билан акаси ва отасининг танасига бир неча маротаба уриб, уларни қасддан ўлдиргани ва яшаш уйининг томорқасига кўмганини маълум қилган.

Ш.М.нинг тушунтиришига асосан уйнинг томорқа қисми кўздан кечирилганда, Б.М. ва Ш.М.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут туман прокуратураси томонидан Ш.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, гумонланувчи сифатида жалб қилинган. Жиноят иши бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид