Ўзбекистон | 11:38 / 18.06.2022
14155
3 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ Ўзбекистон Конституцияси бўйича таклифлар берди

Акмал Саидов халқаро ташкилот берган таклифлардан иккитасини айтиб ўтди: президентлик ёки депутатликка номзод кўрсатишда республика ҳудудида муайян муддат яшагани ва тил билишига оид талабларни олиб ташлаш ҳамда муомала лаёқати чекланганларга ҳам сайлаш ҳуқуқини бериш. “Кейинги муҳокамаларимизда бу таклифларга ҳам эътибор берсак жуда яхши бўларди”, деди Конституцион комиссия раиси.

Тошкентга келган ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси раҳбари Оуэн Мёрфи / Расмий фото

Ўзбекистон Конституциясига ўзгаришлар киритишни халқаро ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватлаяпти, деди Конституцион комиссия раиси Акмал Саидов.

Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари бу ҳақда айни дақиқаларда давом этаётган Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма мажлисида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Конституциявий ислоҳотларимиз нафақат Ўзбекистон аҳолисини, балки халқаро ҳамжамиятни, хориждаги фуқароларимизни ҳам қизиқтирмоқда. Мен хориждаги кўзга кўринган арбоблардан иккитасининг фикрини айтмоқчи эдим. Биринчиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида ўтказилаётганини, бу борада мамлакатни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати

Куни кеча ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси узоқ муддатли миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи юртимизга ташриф буюрди. Улар 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ўзларининг якуний хулосасини апрелда беришди. Бу ерга келганларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам учрашув бўлди, барча сиёсий партияларнинг раҳбарлари, вазирликлар, сайловга алоқаси бўлган ҳамма ташкилотлар, хусусан, Марказий сайлов комиссияси раҳбарлари учрашишди. Улар ҳамма учрашувларда сайлов қонунчилигига оид ўз таклиф-мулоҳазаларини айтишди ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ташаббусини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Лекин шу ерда битта нарсани айтиб ўтиб кетай. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси иккита таклифни илгари сурмоқда. Биринчиси, президентлик ёки депутатликка номзодларни кўрсатишда қўйилган талаблар – республика ҳудудида муайян муддат яшагани (ўтроқлик цензи) ҳамда тил билишига оид талабларни олиб ташлашимизни, бу чеклов эканини айтишмоқда. Иккинчиси, муомала лаёқати чекланганларга, яъни ақли норасоларга ҳам сайлаш ҳуқуқини беришимизни сўрашмоқда. Биз кейинги муҳокамаларимизда бу таклифларга ҳам эътибор берсак жуда яхши бўларди”, деди Акмал Саидов.

Парламент палаталари кенгашларининг қўшма мажлиси / Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати

Аввалроқ у Конституция догма эмаслиги, унга Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни киритиш кераклигини айтганди.

Саидов, шунингдек, “ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юргани”ни таъкидлаган.

Аввалроқ Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz'га берган интервюсида Конституция ўзгаргач, “янги ҳуқуқий макон яралиши”, натижада “ҳамма қатори президент Шавкат Мирзиёевга ҳам сайловларда қатнашиш имкони яратиб берилиши”ни айтганди.

Мавзуга оид