Жамият | 22:09 / 24.06.2022
68433
5 дақиқада ўқилади

Педагогик таълим бўйича қарорлар: нималар ўзгаряпти?

Ҳудудларнинг бош олийгоҳларидаги педфаклар алоҳида институтларга айлантириляпти, иккита пединститутга университет мақоми берилди. 2–4-курсда ўқиётган бўлажак ўқитувчилар ҳафтада 2 кун амалиётда бўлади. Битта диплом билан бир нечта фандан дарс бериш имконияти ошади. 14та йўналишда сиртқи таълим ёпилади. ТДПУга кириш 2 босқичли бўлиши мумкин.

Тошкент давлат педагогика университети / Фото: Kun.uz

21 июн куни педагогик таълимга оид президентнинг иккита (1, 2) қарори имзоланди. Қуйида мазкур ҳужжатлардаги янгиликлар санаб ўтилади.

8та янги пединститут

Андижон, Наманган, Гулистон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз, Урганч давлат университетларининг педагогикага ихтисослашган тузилмалари алоҳида ажратилиб, мустақил пединститутларга айлантириляпти.

Чирчиқ ва Жиззахдаги педагогика институтларига университет мақоми берилди.

Юқоридаги ўзгаришлар натижасида қуйидаги ОТМлар юзага келди:

  • Урганч давлат педагогика институти;
  • Наманган давлат педагогика институти;
  • Гулистон давлат педагогика институти;
  • Ўзбекистон-Финландия педагогика институти;
  • Андижон давлат педагогика институти;
  • Бухоро давлат педагогика институти;
  • Термиз давлат педагогика институти;
  • Шаҳрисабз давлат педагогика институти;
  • Чирчиқ давлат педагогика университети;
  • Жиззах давлат педагогика университети.

Ҳафтада 2 кун – амалиёт

Педагог кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг кундузги таълим шаклида ўқиётган 2–4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида олиб борилади. Яъни ҳафта давомида 4 кун ОТМда дарс ўтилади, 2 кун боғча ва мактабларда амалиёт бўлади.

Ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи ОТМлар ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчилари хорижга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юборилади.

Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган дарсликлар ҳамда методик қўлланмаларни педагог кадрлар тайёрловчи ОТМга уларнинг талабномасига мувофиқ пулли асосда тақдим этиш тартиби жорий қилинади.

14та педагогик йўналишда сиртқи таълим ёпилади

2023/2024 ўқув йили қабулидан педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг қуйидаги таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим шаклига қабул бўлмайди:

Юқоридаги жадвалда кўрсатилмаган педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга таълим тизимида педагогик фаолиятга оид камида 5 йиллик иш стажига эгалар қабул қилинади.

Уларнинг педагогик иш стажига эга экани “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.

Қўшимча тайёрлов – бир диплом билан бир нечта фандан дарс бериш имкони

2023 йил 1 январгача педагог кадрлар тайёрловчи ОТМлар бакалавриатида ўқиётган талабалар учун уларнинг таълим йўналишларига турдош бўлган мутахассисликлар бўйича қўшимча педагогик тайёрлов дастурлари ишлаб чиқилади.

Дастурлар бўйича ўқишга бакалавриатнинг охирги икки босқичида ўқиётган талабалар қабул қилинади.

Дастурларни ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификатга эга шахсларга ОТМда ўқишни битирганидан кейин қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан сертификатда кўрсатилган мутахассислик бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Хорижда ўқиш: Бўлажак педагогларнинг алмашув дастурлари бўйича контракти тўлаб берилади

2023/2024 ўқув йилидан педагог кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг ҳамкор хорижий ОТМда ўқиш даври учун тўлов-контракт қийматини қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

2023 йилдан педагогика соҳаси бўйича нуфузли хорижий ОТМда бакалавриат, магистратура, докторантура дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланган умумий қабул квоталари доирасида педагог кадрлар учун камида 35 та алоҳида квота ажратилади.

Педлицейларга қабул тартиби ўзгаради

Педагог кадрлар тайёрловчи ОТМлар ҳузурида ташкил этиладиган академик лицейлар (8 та) рўйхати тасдиқланди.

2023/2024 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида педагог кадрлар тайёрловчи ОТМлар ҳузуридаги академик лицейларга қабул икки босқичли саралаб олиш тизими – дастлабки ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари асосида ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагог касбига лаёқатли 10–11-синф ўқувчиларини махсус ишлаб чиқилган вариатив ўқув режалари асосида ўқитиш чоралари кўрилади.

2 йилдан кейин: ТДПУга кириш 2 босқичли бўлади

2024/2025 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида университетнинг педагогика таълим йўналишларига қабул жараёнлари икки босқичда – дастлабки имтиҳон ва кириш тест синовлари орқали амалга оширилади.

Бунда:

  • дастлабки имтиҳон доирасида абитуриентларнинг педагогик касбга мойиллиги ўрганилади;
  • кириш тест синовларида қатнашишга фақат дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга рухсат этилади;
  • дастлабки имтиҳонни ҳам, кириш тест синовларини ҳам ДТМ ўтказади.

2023 йилдан бошлаб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.

2024 йил 1 январга қадар:

  • ТДПУ фаолиятида “Олий таълим жараёнларини бошқариш” ахборот тизими тўлиқ жорий этилади;
  • ТДПУнинг илмий журнали Scopus, Web of Science ёки бошқа халқаро маълумотлар базаларига киритилади.

2023 йил 1 мартгача умумий ўрта таълим муассасаларидаги илғор ўқитувчиларнинг очиқ дарсларини онлайн платформалар орқали намойиш қилиш ва уларнинг муҳокамасини ташкил этиш амалиёти жорий қилинади.

Мавзуга оид