Ўзбекистон | 08:30 / 03.07.2022
30515
7 дақиқада ўқилади

“Халқлар бирлигини ҳеч қандай куч бузолмайди” — ўзбек жамоатчилиги фаоллари Қорақалпоғистон воқеалари ҳақида

Турли соҳалар вакиллари президент Шавкат Мирзиёевнинг Нукусга ташрифи чоғида эълон қилинган қарор тушунмовчиликка ечим бўла олиши, эт ва тирноқ каби бўлган икки миллатнинг ўртаси бузилмаслигига умид ва ишонч билдиришмоқда.

Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори:

Фото: Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси

— Мураккаб вазиятда тўғри қарор қабул қилинди, қисқа муддат бор эди. Ўзбекистон лидери етти ўлчаб эмас, 70 марта ўлчаб якка-ю ягона қарор қабул қилди менимча. Бугун Мўйноқдан қайтиб мулоҳаза қилиб юргандим: тинчлик учун, халқ учун, келажак учун, тараққиёт учун шундай доно қарор қабул қилинди.

Шаҳноза Соатова, блогер, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

— Соат тунги 1 бўляпти, уйқу йўқ, кўзим ижтимоий тармоқ тасмаларида.

Президент шахсан ўзи борди, Конституциянинг ўша боблари ўзгаришсиз қолади деди. Сиёсат ва дипломатиянинг инсонийлик қиёфаси кўрсатилди. Оёқ тиралмади, зулм қилинмади, тингланди, диалог бошлангандек эди.

Энди шунда ҳам намойишчилар тинчланмаса, сепаратистлик ғояларини авж олдирса, гаровда давлат чегараларининг яхлитлиги ва хавфсизлиги турибди. 

Кўпчилик қатори мен ҳам жуда хафаман. Вазият шу даражага келганидан, қилинган хатолардан, қилинмаган тўғри ишлардан.. айниқса, кимлардир бу оловда қўлини иситмоқчи бўлаётганидан…

Биз диванда ётволиб сиёсатшунослик қилаётганимизда кимлардир энг оғир қарорларни беряпти…

Ўзи шу пайтгача ўзбекдан ким нима жабр кўрди? Оккупантлик қилиб бировнинг тарихий ерларини босиб олдими? Бошқа мамлакатлар ичида фитна қўзғадими? Ўзи мой еб қардошига нон бермаяптими ё? 

Мамлакатда етти тилда таълим берилса, ўзига зарур мактаб-у касалхоналарни қўшниларига қурса, доим тинчлик ва ҳамжиҳатлик бўлсин деса.. Қаерда бировнинг тили ё бошқа миллий ғурурини камситди? Ўзи бир жафокаш, тинчликсевар халқ бўлса. Қайдан ўсиб чиқяпти шунча адоват?

Ўзбек-қорақалпоқ халқлари тарихда нимаики жафо кўрган бўлса ва кимданки кўрган бўлса, бирга кўрган. Доим бир-бирини қўллаган. 

Илтимос, тугатайлик шу можарони. Жудаям илтимос. Оға-инилар ёвлашса, уруғ-зот бузилади. Фарзандларимиз, авлодлар учун бўлди қилайлик.

Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати

 

Бобур Бекмуродов / Kun.uz

— Маълумки, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва дастлабки лойиҳа 5 июлгача давом этадиган умумхалқ муҳокамасига қўйилган. 

Бироқ, Қорақалпоғистон Республикасининг мақоми тўғрисидаги айрим ўзгартиришлар Қорақалпоғистон аҳолисининг маълум қисми ўртасида тушунмовчилик ва хавотирга сабаб бўлганининг гувоҳи бўлдик.

Бир неча кун давомида аҳолининг норози қисми ўз фикрини билдириш учун расмий воситалардан фойдаланди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда 1341 рақамига қўнғироқ қилдилар, “Менинг Конституциям” платформасига ҳам мурожаатлар юборилди.

Воқеалар ривожини, айниқса махсус ташкил этилган телеграм мессенжерларининг ишини шахсан ўзим кузатдим ва ўргандим. 
Хулоса шуки, аҳоли муҳокамаларнинг бошланишида ўз норозилигини фақат расмий каналлар орқали ифода этди ва шундай чақириқлар бўлди. Чунки конституцияга ўзгартиришлар киритиш – ҳали тўхтамаган, балки давом этаётган муҳокама жараёнидир. Яъни якуний лойиҳа ҳали шакллантирилмаган эди. 

Бироқ кеча Нукус шаҳрида тўсатдан агрессия унсурлари мавжуд бўлган ноқонуний намойишлар уюштирилди. Алоҳида гуруҳлар ва провокаторлар йиғилган фуқаролар билан аралашиб, маъмурий бинолар мажмуасидаги давлат муассасаларини эгаллаб олишга уринди. Мақсад тушунарли - шу орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш. Ишончим комилки, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу жиноий уринишларга ҳуқуқий баҳо беради.

Мен миллий ва халқаро ҳамжамиятни геосиёсий жараёнларнинг провокацион тўлқинларидан огоҳ бўлишга, уларнинг нишонига айланиб қолмасликка чақирмоқчиман. Ўзбекистон сўнгги йилларда изчил ривожланаётган, демократик қадриятларга содиқлигини намоён этган давлат!

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси конституцияга киритилган ўзгартиришлар юзасидан ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, буларнинг барчаси қонуний имкониятлар доирасида амалга ошиши керак. 

Биз ҳуқуқий ва демократик давлат қурмоқдамиз. Барчадан биз танлаган йўлимизни ҳурмат қилишни сўрайман.
Қорақалпоқ эли ниҳоятда доно ва олийжанобдир. Зиддиятли вазиятлар бўлмаслигига ишонаман.

Беҳзод Маматқулов, BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси:

— Қорақалпоқ ва ўзбек тарихий, асрлар оша қадимдан бир-бирига жипс халқ, элат, уларни айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Охирги кунларда Конституцион ислоҳотларнинг бироз нотўғри талқини туфайли ҚРда айрим аҳоли ўртасида норозилик бўлиб ўтди. Буни ўз вақтида тушуниб етган давлат раҳбари Қорақалпоғистонга етиб бориб, ўзининг маърузасида Конституциявий ислоҳотлардаги айнан Қорақалпоғистон Республикасига тегишли қисми ўзгартирилмайди деб баёнот берди.

Бу тўғри қарор эди. Буни тадбиркор сифатида, кўп минг сонли тизим раҳбари сифатида мен ҳам қўллаб-қувватлайман!

Ўйлайманки, барча масалалар ўз ечимини топиб асрлар давомида давом этиб келаётган мустаҳкам ришталаримиз абадий бўлиб қолади!

Азиза Умарова, блогер, жамоат фаоли:

Фото: SelfMama Uzbekistan

— Президент бугун Нукусга учиб келди ва Қорақалпоғистон суверенитети билан боғлиқ моддаларни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Бу ҳозирги мураккаб вазиятдаги ягона тўғри ҳаракат эди.

Қорақалпоқлар – мард, жасур, довюрак халқдир. Ва улар буни яна бир бор исботлашди.

Умид қиламанки, акция иштирокчиларига нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари ва тазйиқлар бўлмайди. Сиз барибир қопга яширина олмайсиз. Хато қилманг. Олға давом этамиз. Фақат тараққиёт, фақат ўсиш, фақат муҳаббат. Ҳаммамизга тинчлик.

Каримберди Тўрамурод, ёзувчи:

— Президент Нукусга етиб борди! Тўғри қилди! Президент Қорақалпоғистонга оид БИРОРТА МОДДАГА ЎЗГАРИШ КИРИТИЛМАЙДИ, деди. Тўғри қилди!

Президент фармон берди:

“Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилсин!” Тўғри қилди!

Қани, энди қорақалпоқ биродарларимизнинг бошини айлантираётганлар, уларни гижгижлаётганлар нима қилар экан?

Шерали Ортиқов, кинорежиссёр:

— Қорақалпоқда менинг оғаларим, укаларим, жиянларим, дўстларим, қадрдонларим кўп, доим соғиниб талпинаман. Охирги кунларда бўлиб ўтаётган кўнгилни хафа қиладиган тушунмовчиликлар оқибатидаги норозиликларни эшитиб, кўриб, кузатяпмиз...

Доим ёмон ниятли одамлар бўлади, икки дўстнинг орасини кўролмай бузмоқчи бўладиган, бироқ уларга алданиб қолиш керак эмас. Дўстлик бу – энг аввало ишонч.

Бугун президентимиз Қорақалпоғистонга бориб барча тушунмовчиликларни бартараф этдилар. Минг шукр. Ўзбек ва Қорақалпоқ элининг бирлигини ҳеч қандай ёвуз кучлар бузолмайди иншааллоҳ!

Мавзуга оид