Финлар янги аккумулятор ихтиро қилишди: унинг асоси оддий қумдан иборат
Жаҳонда вазият кескинлашганидан сўнг Европадаги айрим давлатлар Россиядан табиий газ харид қилишни бас қилишди. Ёзда бу у қадар билинмайди, лекин қишда рус газисиз қолганларга осон бўлмайди — кўплаб хонадонлар иситишда қийинчиликларга дуч келиши, одамлар совқотиши турган гап.
Турли давлатлар ҳукуматлари бу муаммони қуёш панеллари, шамол генераторлари каби тикланувчи энергия манбалари орқали ҳал қилишга интилмоқда. Лекин муаммо шундаки, қишда қуёшли кун ҳар доим ҳам бўлавермайди. Ишлаб чиқарилган энергияси литийдан тайёрланган аккумуляторларда сақланиши мумкин, у жуда қимматга тушади ва анча жойни ҳам эгаллайди.
Яқинда Финландиянинг Polar Night Energy компанияси ишлаб чиқарилган энергияни сақлашнинг жуда арзон ва ўта самарали технологиясини намойиш этди. У ишлатилган қурилиш қуми билан тўлдирилган улкан батарея кўринишида бўлади. Номидан жуда қизиқ кўриняптими сизга ҳам?
Европа давлатларида қиш оғир келади
Финландия Россия чегарасига энг яқин давлатлардан бири ҳисобланади. Россия газисиз финларга қишни ўтказиб олиш жуда қийин бўлади — бу давлатда қиш кунлари узоқ давом этади, айниқса декабр ойидан бошлаб кунлар жуда совиб кетади.
Қишнинг қаҳратон кунларида турар жойлар қандай иситилиши ҳақида сиёсатчилар ҳам, оддий фуқаролар ҳам ҳозирдан бош қотиришмоқда. Қуёш ва шамол станциялари орқали ишлаб чиқариладиган «яшил» энергия манбалари орқали жон сақлаш мумкиндир, бироқ Финландиянинг қуёшли кунлари кам, шамол ҳам кўп эсмайди, шу сабабли улар энергиянинг доимий ишлаб чиқарилишини таъминлай олишмайди.
Иссиқликни сақловчи янги аккумулятор
Ишлаб чиқарилган энергияни сақлаш учун мўлжалланган аккумуляторлар қиммат туради ва кўп жойни эгаллайди, шу сабабли Polar Night Energy ҳали ўхшаши яратилмаган, арзон ва нисбатан ихчам муқобил аккумуляторни намойиш этди. У ичига 100 тонна қум тўлдирилган улкан контейнерни қурган.
«Қумли» аккумуляторнинг ишлаш принципи жуда оддий: қуёш ва шамол орқали ҳосил қилинувчи энергия қумли контейнерни қизитади, у эса бу иссиқликни узоқ вақт ўзида сақлаб туради ва зарурат туғилганда уни узатади.
Polar Night Energy компанияси вакилларининг сўзларига кўра, қурилишда ишлатиладиган қумни Целсий шкаласи бўйича 500 даражагача қиздириш мумкин. Қумни иситиш жуда узоқ вақт давом этади, бироқ унинг ҳарорати сўниши ҳам қарийб шунча вақт олади.
Шу сабабли янги аккумулятор иссиқликни бир неча ой давомида ўзида сақлаб туриши мумкинлиги айтилмоқда. Бу эса қишнинг узоқ ва совуқ кунларини эсон-омон ўтказиб олиш учун етарли бўлади.
Уйларни иситишнинг муқобил усули
Контейнердаги қум ўзи билан махсус сиғимдаги ҳавони иситади, бу иссиқлик сувни қайнатади ва сув уйнинг иситиш тизимига узатилади. Ғоя жуда ўринли ва у турар жойларни иситишнинг анъанавий усули ўрнини тўлиқ боса олмаган тақдирда ҳам, аралаш ишлатиш ҳисобига иситиш харажатларини камайтириши мумкин. Технологиянинг ягона минус жиҳати — бундай контейнерда электр энергиясини тоза ҳолда сақлашнинг имкони йўқ. Одамларни арзон электр энергияси билан таъминлаш жуда ёқимли бонус бўлган бўларди.
Айни пайтда «қумли» аккумулятор синов режимида ишламоқда — улкан идиш Финландиянинг Канкаанпяа шаҳрида қурилган. Қурилма маҳаллий электр станциясида жойлашган. У ердан яқин орадаги уйларга иссиқ сув узатилади. Айтиш жоизки, аккумуляторда қуёш ва шамол электр станцияси ишлаб чиқарган иссиқликнинг барчаси сақланмайди. «Яшил» энергия энг аввал электр тармоғини тўйинтиради, қумли қурилмага эса ишлаб чиқарилган энергиянинг ортиқчаси йўналтирилмоқда.
Электр станцияси директори Пекка Пассининг айтишича, иссиқликни бу тарзда сақлашнинг чиндан ҳам ҳеч қандай мураккаб томони йўқ. Улар бу нарсани ясаган илк кишилар бўлганидан хурсанд. Қандайдир маънода бу ақл бовар қилмайдиган лойиҳа, бироқ электр станцияси директори технология муваффақият билан якунланишига ишончи комил. Иссиқликни оддий йўл билан сақлаш усулига бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билдириши мумкин, ҳаммаси синов ишлари қандай якунланишига боғлиқ.
Қайд этиш жоизки, Европадаги энергетика инқирози 2021 йилнинг кузида — табиий газ ва бошқа энергия ресурслари нархи кескин оша бошлаган пайтдаёқ бошланганди.
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
00:33 / 13.12.2024
Финландия сафарбарликдан қочган россияликларга бошпана бермай қўйди
11:42 / 04.12.2024
Финландияда кабеллар узилишида жиноий мақсад аниқланмади
10:50 / 04.12.2024