Жаҳон | 13:08 / 20.07.2022
14607
5 дақиқада ўқилади

Ит учун қамоқхона. Эрон уй ҳайвонларини тақиқламоқчи, чунки улар «Ғарб тимсоли»

«У ўзининг чиройли кўзлари билан менга боқади ва сайрга олиб чиқишимни сўрайди. Лекин мен журъат этолмайман, чунки бизни ҳибсга олишлари мумкин», дейди кичкина кўппакнинг эгаси Маҳса.

Унинг сўзларига кўра, яқинда Эрон пойтахти Теҳронда ҳибслар тўлқини бошланган: маҳаллий полиция итларни хиёбонларда сайр қилдиришни жиноят деб атаган, шу туфайли, уларнинг эгалари ҳибсга олинган ва жониворлар олиб кетилган.

Расмийлар итларни сайр қилдириш тақиқланганини «жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилиш» зарурати билан изоҳламоқда.

Айни пайтда Эрон парламенти уй ҳайвонларига фақат махсус рухсатнома орқали эгалик қилиш имконини берувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

«Ғарблашув» белгилари

Қонун лойиҳасида қайд этилганидек, ит ёки мушук олиш учун эронликлар махсус ҳукумат қўмитасига мурожаат қилиши керак. Шу билан бирга, ҳар қандай уй ҳайвонларини, ҳатто қуёнлар ва тошбақаларни ҳам «рухсатсиз мамлакатга олиб кириш, сотиб олиш ва сотиш, ташиш ва уйда боқиш» учун тахминан 800 доллар миқдорида жарима назарда тутилган.

Эрон ветеринария ассоциацияси президенти ва қонун лойиҳасига мухолиф бўлган доктор Паём Муҳибийнинг сўзларига кўра, бу борадаги баҳслар ўн йил олдин бошланган. Ўша пайтда бир гуруҳ депутатлар итларни эгаларидан тортиб олиб, ҳайвонот боғларига топшириш ёки чўлга ташлаб келишни таклиф қилишган.

доктор Паём Муҳибий

«Шу вақт ичида улар қонун лойиҳасини бир неча бор ўзгартиришди ва ҳатто ит эгаларига жисмоний жазо беришни ҳам муҳокама қилишди. Лекин лойиҳа ҳеч қаёққа силжимади», дейди Муҳибий.

Эрон қишлоқлари аҳолиси итларни ҳар доим боқишган, аммо XX асрда уй ҳайвонлари ҳам урбанизация тимсолига айланди.

Эрон ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича қонунларни қабул қилган Яқин Шарқдаги биринчи давлат эди. 1948 йилда ушбу қонунларнинг амал қилинишини назорат этувчи илк давлат ташкилоти пайдо бўлади. Итлар ҳатто қирол оиласи аъзоларида ҳам бор эди.

Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ағдарилиши билан якунланган 1979 йилги инқилоб ҳаммасини ўзгартирди. Бу воқеа Эрондаги кўплаб соҳаларга, шу жумладан уй ҳайвонлари билан боғлиқ ҳолатларга ҳам таъсир қилди.

Янги тузум назарида итлар Ғарб ва унинг турмуш тарзи тимсоли эди. Эрон ҳукумати буни йўқ қилишга уринаётганди.

«Итларга эгалик қилишни тартибга солувчи аниқ қоидалар йўқ», дейди теҳронлик ветеринар доктор Ашкон Шимироний.

«Полиция итларини сайр қилдираётган ёки шунчаки машинасида олиб юрган одамларни ушламоқда. Чунки улар итларни ғарблашув рамзи сифатида кўрмоқда», деб тушунтирди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳатто қўлга олинган уй ҳайвонлари учун «қамоқхона» ҳам ташкил қилган. «Биз бу жой ҳақида жуда кўплаб даҳшатли воқеаларни эшитганмиз, - деб қўшимча қилади у. - Ҳайвонлар очиқ ҳавода, нормал озиқ-овқат ва сувсиз сақланади. Эгаларида эса қонун билан боғлиқ кўплаб муаммолар пайдо бўлади».

Уй ҳайвонларига эгаликни чекловчи янги қонун лойиҳаси Ғарбнинг кўп йиллик санкциялари туфайли Эрон иқтисодиётида вужудга келган қийинчиликлар билан ҳам боғлиқ. Уч йил аввал ҳукумат мамлакатга хорижда ишлаб чиқарилган ҳайвон озуқаларини олиб киришни тақиқлаган эди. Бу мамлакат валюта захирасини сақлаб қолиш чоралари билан изоҳланди.

Пештахталардан хориж маҳсулотлари йўқолгач, нархлар кескин кўтарилди ва қорабозор пайдо бўлди.

«Биз озуқа олиб кирувчи одамларга жуда тобемиз, - деб куйинади Машҳад шаҳридаги ветеринария клиникаси хўжайини, – бир неча ой ичида нархлар беш баравар ошди».

Ветеринар маҳаллий озуқаларининг сифати жуда пастлиги ва стандартларга жавоб бермаслиги, заводларда кўпинча сифатсиз гўшт ва балиқлардан, ҳатто яроқлилик муддати ўтиб кетган ингредиентлардан ҳам фойдаланилишини таъкидлайди.

Форс мушуклари муаммоси

Янги қонун лойиҳаси нафақат итларга, балки мушук ва бошқа уй ҳайвонларига ҳам тааллуқли (ҳатто унда тимсоҳлар ҳам тилга олинади). Ва бу Эрон дунёдаги энг машҳур зотдор форс мушукларининг ватани эканлигига қарамай.

«Энди форс мушуклари ўз ватанида хавфсиз яшай олмаслигини тасаввур этасизми?» - деб ғазабланади Теҳрондаги клиника ветеринари. «Бу қонунда мантиқ йўқ, - деб қўшимча қилади у. - Улар шунчаки одамларга темир муштини кўрсатмоқчи».

Эрон ветеринария ассоциацияси президенти доктор Муҳибий бу лойиҳани шармандалик деб ҳисоблайди: «Агар парламент ушбу қонунни қабул қилса, кейинги авлодлар бизни итларни ит, мушукларни мушук бўлгани учун тақиқлаган одамлар сифатида эслайди».

Мавзуга оид