Жамият | 16:11 / 25.07.2022
29557
2 дақиқада ўқилади

Қовун-тарвуз танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Ўзбекистонда қайноқ ёз, пайкалларда полиз мевалари ғарқ пишган палла. Айни пишиқчилик мавсумида қовун-тарвузлар истеъмоли энг юқори маҳсулотларга айланади. Kun.uz мухбири қовун ва тарвузни харид қилишда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тавсиялар тайёрлади.

Бунда андижонлик деҳқон Аъзамжон Ҳайитбой ўғли бизга яқиндан ёрдам берди.

“Одатда кўриниши чиройли тарвузлар ширин чиқади. Шунинг учун дастлаб уни кўринишидан фарқлаб олиш керак.

Иккинчи навбатда эса киндигига қараб яхшисини танлаш мумкин. Бунда киндиги катталари яхши пишган, кичиклари хомроқ бўлади.

Шунингдек, тарвузни сотиб олаётганда унинг тўнидаги чизиқларга ҳам қараш керак. Бу чизиқлар қанчалик катта ва кенг бўлса, 100 фоиз  қип-қизил пишган бўлади.

Кўпчилик харидорлар тарвузни уриб, текшириб кўради. Бунда агар тарвуздан доирадек таранглаган товуш чиқса, янги ва сифатли тарвузни топдингиз ҳисоб, акси ҳолатда эса у 3-4 кундан бери турган ёки муддати ўтган сифатсиз тарвуз ҳисобланади.

Қолаверса, тарвузнинг бандидан ҳам унинг янги ёки туриб қолганлигини билиш мумкин. Банди қуриб қолгани эскилигидан, диркиллагани бўлса, янгилигидан далолатдир.

Мабодо, тарвузнинг таг қисмида оқ доғлари бўлса, хавотирга ҳожат йўқ. Бу унинг сифатига ёки таъмига таъсир қилмайди. Шунчаки, қуёш кўрмаган, ерга тегиб турган томонида оқ доғлар пайдо бўлади”, – дея таъкидлайди суҳбатдошимиз.

“Эскитдан ота-боболаримиз “полиз меваларини танлаётганда, қовуннинг оғирини, тарвузнинг енгилини ол” – деган. Биз шунга амал қиламиз”, – дея ўз тавсияларини давом эттиради Аъзамжон Ҳайитбой ўғли.

“Масалан, оби-новвотни оладиган бўлсак, унинг сиртидаги тўрлари қанчалик кўп бўлиб, банд берган бўлса, тўлиқ пишган ҳисобланади.

Кўкча қовунида ҳам шундай, унинг тўрларига эътибор бериш керак. Фақат унда банд бўлмайди, агар банд берган бўлса, у эзилиб қолган, пишиб ўтиб кетган саналади.

Ҳозир айни пишиқчилик даврида бозорларимизда хом тарвуз ёки қовуннинг ўзи йўқ”, – дейди деҳқон.

Мавзуга оид