Жаҳон | 09:01 / 02.08.2022
4550
3 дақиқада ўқилади

ОАВ Анатолий Чубайснинг аҳволи яхшилангани ҳақида хабар берди

РФ президентининг собиқ махсус вакили Анатолий Чубайс Гийен-Барре синдроми ташхиси билан Европа клиникаларидан бирига ётқизилди, деб хабар берди аввалроқ Ксения Собчак. Чубайсга яқин манбаларга кўра, унинг саломатлиги яхшиланган.

Фото: ТАСС

Гийен-Барре синдроми ташхиси билан Европа клиникаларидан бирига ётқизилган «Роснано» компаниясининг собиқ раҳбари Анатолий Чубайснинг соғлиғи яхшиланди. Бу ҳақда 1 август, душанба куни Чубайсга яқин бўлган бир нечта манбаларга таяниб, ТАСС ва «Медуза» хабар берди. 

Телебошловчи Ксения Собчак бир кун олдин Чубайснинг рафиқаси Авдотья Смирновага таянган ҳолда, Чубайс жонлантириш бўлимида ётганини айтганди. «Вазият беқарор, қўл ва оёқлар бирдан тортиша бошлади», деб ёзди Собчак Telegram-каналида. La Repubblica нашрининг ёзишича, Чубайс Сардинияда дам олиш вақтида ўзини ёмон ҳис қилган ҳамда Италиянинг ушбу оролидаги шифохонага олиб кетилган. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль воқеа тафсилотларини билмаслигини айтди, у Чубайснинг тузалиб кетишини тилаб, «Роснано» собиқ раҳбари ёрдам сўраса, Россия ёрдам беришини ваъда қилди. 

Март ойи охирида президент Владимир Путиннинг махсус вакили сифатида ишлаган Анатолий Чубайс ўз лавозимини тарк этиб, Россиядан чиқиб кетгани маълум бўлди. РБК манбаларига кўра, Чубайс Истанбулга кўчиб ўтган, бироқ Россияга «қайтмоқчи бўлган». Кейинроқ Кремль Чубайс ўз хоҳиши билан истеъфога чиққанини тасдиқлади. Хабар берилишича, Чубайс «Система» АФК директорлар кенгашини ҳам тарк этган ва «Электрозавод» компанияси директорлар кенгаши таркибидан кетган. 

Гийен-Барре синдроми - бу одамнинг иммун тизими ўз периферик нервларига зарар етказадиган кам учрайдиган ҳолат. Касаллик ҳар қандай ёшдаги одамларда кузатилиши мумкин, лекин кўпинча катталар ва эркакларда учрайди. Гийен-Барре синдромининг ривожланиши кўпинча бактериал ёки вирусли инфекциядан кейин содир бўлади. 

Касалликнинг дастлабки белгилари ҳолсизлик ёки кучсиз оғриқ ҳиссини ўз ичига олади. Улар одатда оёқларда бошланади, кейин қўллар ва юзга тарқалиши мумкин. Баъзи одамларда бу аломатлар оёқ, қўл ёки юз мушакларининг фалажига олиб келиши мумкин. Аксарият одамлар Гийен-Барре синдромининг энг оғир ҳолатларидан ҳам тўлиқ тикланади. 

Мавзуга оид