Ўзбекистон | 11:39 / 07.08.2022
36326
7 дақиқада ўқилади

Дарахтларга нисбатан навбатдаги варварлик. Чилонзордан репортаж

Бу сафар ҳам ҳокимлик йўлни кенгайтирмоқчи эканини шу йўлнинг ҳақиқий эгалари – шаҳар аҳолиси ишлар бошланиб бўлгандагина эшитди. Расмийларнинг ўзбошимчалиги яна қимматга тушди: агрономнинг айтишича, кўп йиллик дарахтлар секин-аста ўлишга маҳкум. Воқеага фаоллар муносабати, шаҳар ҳокимининг аралашуви, икки эко-амалдорнинг бир-бирига зид баёнотлари – Kun.uz репортажида.

Тошкентни чўлга айлантиришмоқчи. Пойтахтда яшиллик ва кўлларга бўлаётган муносабатни кўриб, кесилаётган дарахтларга қараб шу фикр хаёлдан ўтади.

6 август куни Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида йўлларни кенгайтириш давомида кўп йиллик дарахтларнинг илдизлари кесиб ташланаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Ижодий жамоа айтилган жойга етиб борди.

Чилонзор кўчасига етиб борарканмиз, ушбу йўлни реконструкция қилиш жараёнида умумий режалаштирилган 1,4 км йўл таъмирлаш лойиҳасининг 300 метр қисмида ирригация тармоқлари (лотоклар) олиб ташланиб, йўлни кенгайтириш ва сатҳини 1 метргача пасайтириш ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик.

Айни мана шу жараёнда йўл четидаги кўп йиллик дарахтларнинг илдиз қисми кесиб ташланган.

Чилонзор кўчасида атрофга соя бериб турган кўп йиллик дарахтларга бўлаётган муносабат юзасидан ўз норозилигини билдириш учун чиққан ўнга яқин фаолларни ҳам учратдик. Улар қурилиш лойиҳасидаги мантиқсизликлар ва бунинг оғир оқибатлари ҳақида гапиришди.

«Бу лойиҳа жуда даҳшатли. Ўтган уч кун давомида кўплаб дарахтларга зиён етказилди», – дейди маҳалла фаолларидан бири.

Бошқа бир эко-фаол эса ҳолат бўйича фикр билдираркан, бу ишларни жамоатчилик фикри, қонунлар ва табиатга тупуриб қўйиш, дея изоҳлади.

«Бу дарахтлар энди кўкармайди. Узоғи билан бир-икки йилда қурийди. Иккинчидан, бу дарахтлар ҳозир жуда хавфли даражада турибди. Эртага ёғин-сочин бошланса, ё кимнингдир устига ёки ҳаракатланаётган автомобилнинг устига қулайди. Хўш, ким жавоб беради бунга?

Бу биринчидан, фаросатсизлик, иккинчидан, амалдаги қонунлар, халқ, жамоатчилик ва табиатга тупуриб қўйиш, саботаж», – дейди у.

Атиргул Холмирзаева Тошкент шаҳар Ботаника боғида бўлим бошлиғи. У тажрибали агроном сифатида илдизлари кесиб ташланган дарахтларнинг яшаб кетиши ё қуриб қолиши борасида хулоса бериш учун воқеа жойига чақирилган.

Холмирзаева зарар етказилган ўнлаб дарахтларни кўздан кечираркан, 50 фоиздан ортиқ илдизлари кесиб ташланган мана бу эманлар бир неча йилда бутунлай қуриб битишини маълум қилди.

«Бу дарахтларнинг бўйи қандай бўлса, илдизи ҳам шунчалик катта бўлади. Аммо эманларниинг ярмидан кўп илдизини кесиб бўлишибди. Улар энди секин-аста ўлади.

Тўғриси, мен чарчадим. Доим мана шундай ҳолатларда хулоса олиш учун мени олиб келишади. Мен хулосаларимни, дарахтни ўстириш бўйича тавсияларимни бераман, лекин орқадан ҳамма билганича иш қилади, илдизлари кесилган дарахтларни тош, шағал билан кўмиб кетаверишади. Уларнинг ҳаммаси қурийди», – дейди агроном.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар бош экологи Фарҳод Деҳқонов етиб келди. Аммо Деҳқонов кутилмаганда, воқеани хаспўшлашга тушди. Унга кўра, бу ишлар келишилган лойиҳа билан, туман ободонлаштириш бўлими назорати остида қилинган. Дарахтлар эса тагига гумус ташланадиган бўлса, яна ўсишда давом этаверади.

Шундан кейин воқеа жойига бош прокурор, экология қўмитаси раиси, Тошкент шаҳар ҳокими ва президент администрацияси вакиллари етиб келишди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев лойиҳани кўздан кечираркан, қурилиш лойиҳасида камчиликлар бўлганини айтиб, лойиҳадаги олти чизиқли автомобил йўли ўрнига тўрт чизиқли автомобил йўлини қолдириш, ортиб қолган жойни эса яшил ҳудудга айлантириш топшириғини берди. У шаҳар прокурорига лойиҳада қўйилган хатоликлар учун лойиҳа институти, қурувчилар, экология бўлими ва умуман, ушбу лойиҳада қатнашган барча мутасаддиларга чора кўрилиши зарурлигини таъкидлади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу вазиятда камчиликка йўл қўйганлар қатъий жазоланишини маълум қилди.

У Чилонзор кўчасидаги қурилиш бўйича Экология қўмитасининг хулосаси олинмаганини ҳам маълум қилди.

«Биз бу қурилишлар бўйича хулоса бермаганмиз. Яқинда қонунчиликка таклиф бердикки, мана шу каби лойиҳаларни ишлаб чиққан лойиҳа институтларига жавобгарликни оширмоқчимиз», – деди қўмита раиси шаҳар бош экологи Деҳқоновнинг маълумотларини инкор қиларкан.

Ҳолат юзасидан кечанинг ўзида Чилонзор туман прокуратураси жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Kun.uz'га маълумот берган Чилонзор тумани прокурори ўринбосари Саидаҳрор Абдураҳмоновга кўра, зудлик билан чора кўрилмаган тақдирда дарахтлар қуриши ва табиатга 348,9 млн сўмлик зарар етиши мумкинлиги соҳа мутахассислари томонидан аниқланган.

Маълумот учун, ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми – экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлишини назарда тутади.

Бу жиноят учун 150–200 БҲМ (45–60 млн сўм) жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарар (348,9 млн сўм) ўрни уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмайди.

Бугун тонгда Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича дастлабки ўрганиш натижаларини ҳам эълон қилди. Унга кўра, ўрганишлар диаметри 45 - 98 сантиметргача бўлган жами 9 туп эман дарахтининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилгани маълум бўлган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу дарахтларни сақлаб қолиш эҳтимоли кам.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида қолган 90 дан ортиқ дарахтлар эса ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланган.

Ўрганиш жараёнида иштирок этган Фанлар академияси ботаника институти ҳузуридаги Русанов номидаги «Тошкент ботаника боғи» илмий ходими тавсиясига биноан, илдиз қисмига жиддий шикаст етказилган 9 туп эман дарахтини сақлаб қолиш қатор агротехник тадбирларни талаб қилади.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид