Жамият | 13:24 / 10.08.2022
8136
2 дақиқада ўқилади

Ёғингарчилик ҳолатларида кириш имтиҳонлари бир кунга кечиктирилиши мумкин

Қисқа муддатли ёмғир ёғган ҳолатларда ўша ҳудуддаги тест синовлари шу куни, белгиланганидан кечроқ вақтда бошланиши мумкин. Бугун, 10 август куни Наманганда шундай йўл тутилди. ДТМнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ёғингарчилик кун бўйи давом этиши кутилган ҳолатларда имтиҳонлар бир кунга сурилиши ҳам мумкин.

Фото: Kun.uz

10 август куни Наманган вилоятида ёмғир ёғгани сабабли кириш имтиҳонлари белгиланган вақтдан кечроқ бошланди. Давлат тест марказининг хабар беришича, абитуриентлар барча текширувлардан ўтказилган ҳолда усти ёпиқ, ёмғирдан ҳимояланган ўринларга жойлаштириб турилган.

Ёғингарчилик тиниши билан абитуриентлар ўз қуйидаги вақтларда тест синовини бошлашган:

  • “Баркамол авлод” спорт мажмуаси (1-сектор)да — 08:13 да;
  • “Динамо” стадиони (2-сектор)да — 08:20 да;
  • “Навбаҳор-Умид” стадиони (3-сектор)да — 08:00 да.

ДТМ ахборот хизмати раҳбари Жамшидбек Одиловнинг Kun.uz'га маълум қилишича, тест синови жараёнларида бу каби ҳолатлар бўлиши марказ томонидан ҳисобга олинган.

“Агарда олдинда келаётган имтиҳонларда кун бўйи ёғингарчилик кузатиладиган бўлса, тест синовлари кейинги кунга кўчирилиши ҳам мумкин”, – деди у.

Одилов Kun.uz мухбирининг нима сабаб бу йилги кириш имтиҳонлари ҳам очиқ майдонларда ўтказилаётгани борасидаги саволига жавоб берди. Унинг айтишича, бу қарор Давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилинган, бу борада ДТМ изоҳ бера олмайди.

Эслатиб ўтамиз, кириш имтиҳонлари 8 августдан бошланди, ойнинг 20-санасигача давом этиши белгиланган. Аввалроқ тест синовининг илк натижалари эълон қилинганди.

Мавзуга оид