Жамият | 10:41 / 13.08.2022
13809
3 дақиқада ўқилади

ДХХ ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйди

Андижондаги ОТМга ўқишга киритиб қўйишини айтган шахс 10 минг доллар, Тошкентдаги олийгоҳ талабалигини ваъда қилган шахс эса 5 минг доллар олган вақтида ушланди. Бир-биридан алоҳида учта ҳолатда Тожикистондан ўқишни Ўзбекистонга кўчириб беришни ваъда қилганлар 3000, 2200 ва 2000 минг доллар билан ушланди.

Иллюстратив фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон туманида яшовчи шахс маҳаллий фуқаро ишончига кириб, қариндошини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Андижондаги олийгоҳлардан бирига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг доллар олган вақтда ушланди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Оққўрғон туманида яшовчи шахс фирибгарлик йўли билан маҳаллий фуқародан танишини пойтахтдаги ОТМлардан бирига ўз таниши орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 5 минг доллар олган вақтида қўлга олинди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган ушбу ОТМ ходими ҳам 5 минг долларни олган вақтида ушланди.

Шунингдек, гўёки ўзини Давлат тест маркази ходими деб таништирган, Тошкент шаҳридаги университетлардан бири магистранти фуқародан унинг Тожикистондаги институтларидан бирида таълим олаётган қариндоши ўқишини Тошкент шаҳридаги ОТМлардан бирига кўчириб бериш эвазига 3 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бекобод шаҳар ИЖҚК департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳридаги МЧЖлардан бири иш бошқарувчиси фуқародан унинг Тожикистондаги ОТМлардан бирида таҳсил олаётган қариндошини Тошкент шаҳридаги университетлардан бирига кўчириб бериш эвазига 2200 доллар олган вақтида ушланди.

Худди шундай, Бекобод туманида яшовчи, ҳозирда Тожикистондаги университетлардан бирининг талабаси мазкур олийгоҳдаги бошқа талаба ўқишини Ўзбекистондаги ОТМлардан бирига кўчириб бериш эвазига 2 минг доллар олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

  • Ўтган ҳафта Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департменти йил бошидан бери ОТМга ўқишга киритиш бўйича жиноятларда жами 384 млн сўм ва 457 минг доллар ушлаб қолинганини маълум қилганди.
  • Куни кеча Вестминстер университетига 10,2 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланган эди.

Мавзуга оид