Ўзбекистон | 07:59 / 24.08.2022
8642
2 дақиқада ўқилади

Умумий овқатланиш корхоналари учун янги санитария талаблари тасдиқланди

Умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари Адлия вазирлиги томонидан ҳисобга олинди.

Фото: Fotolia

Янги талаблар билан тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилувчи айрим талаблар (сув таъминоти бўлмаганда корхона фаолиятини тўхтатиши, овқат тайёрлашда кўмир ва ўтиндан фойдаланишни тақиқлаш) бекор қилинди.

Қуйидаги санитария-гигиена талаблари белгиланди:

  • умумий овқатланиш корхоналарида ичимлик суви билан таъминлаш марказлаштирилган сув таъминоти тизимига уланиш йўли билан амалга оширилиши;
  • марказлаштирилган сув таъминоти бўлмаганда, ички сув таъминоти артезиан қудуғидан, бошқа қудуқлардан ёки каптажлардан фойдаланиш;
  • чиқинди майдончасини белгиланган масофада жойлаштириш имкони бўлмаганда, чиқиндилар корхоналар совитиш тизими, ювиш ва дезинфекциялаш имкони бўлган алоҳида хонасида сақланишига йўл қўйилиши.

Умумий овқатланиш корхоналарида қуйидагиларни амалга оширишга рухсат этилмайди:

  • технологик жараён талабларига риоя қилишни таъминлаш имконияти мавжуд бўлмаганда маҳсулот тайёрлаш;
  • яроқлилик муддати ўтган, сифатсиз ёки сифати бўйича шубҳали, бузилиш белгилари бўлган маҳсулотлардан фойдаланиш;
  • герметик идишларда сабзавотли, гўштли, балиқли, қўзиқоринли консервалар тайёрлаш;
  • қуритилган ва дудланган балиқ тайёрлаш ва қуритилган қўзиқоринлар тайёрлаш.

Ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этувчи ходимлар томонидан иш бошлашдан олдин қуйидагилар амалга оширилиши шарт: заргарлик буюмлари, соатлар ечилиши; сочлар рўмол ёки қалпоқ остига йиғилиши; тоза санитария кийимлари кийилиши; қўллар илиқ сувда совун билан ювилиши ва дезинфекцияловчи воситалар билан ишлов берилиши, тирноқлар олинган ва лак сурилмаган бўлиши керак.

Мавзуга оид