Жамият | 23:26 / 30.08.2022
29486
2 дақиқада ўқилади

"Range Rover" автомобилида хавфли тарзда ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди

ЙҲХҲ ҳуқуқбузарликни видеога олган ҳайдовчи ва "Nexia 3" ҳайдовчисининг ҳам шахсини аниқламоқчи. Уларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда "Range Rover" русумли, 01 517 LJА давлат рақам белгили автомобил ҳайдовчиси авария ҳолатини юзага келтириши мумкин бўлган турли хавфли манёврлар билан ҳаракатланганлиги акс этган видео тарқалди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маълум қилишича, мазкур видео ходимлар томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи, 1979 йилда туғилган Дилмурод Нишоновга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128⁵-моддаси 2-қисми билан чора кўрилди.

Таъкидланишича, ҳар қандай қоидабузарлик ва ҳуқуқбузарлик учун қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айрим ижтимоий тармоқ обуначиларидан асослантирилмаган, аниқлик киритилмаган маълумотларни турли ноўрин изоҳлар билан омма эътиборига тарқатмасликни сўраган.

“Ҳолатда акс этган барча иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади, мазкур йўналишда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ушбу видеолавҳани тасвирга олган транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳамда "Nexia 3" русумли автомобилни бошқарган ҳайдовчиларнинг шахсини аниқлашга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда, уларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Барча ҳайдовчилардан қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Бунёдкор шоҳкўчасида қарама-қарши ҳаракатланган “Ласетти” ҳайдовчиси 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид